Ўзбекистон | 22:34 / 02.12.2019
5086
2 дақиқада ўқилади

«8 мингдан ортиқ уй хўжаликларига иссиқлик таъминоти етказиб берилмаяпти» – Вазирлик

Кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти тизимига оид масалаларга бағишланган матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги вакиллари соҳага оид янгиликлар ҳақида ахборот беришди. Вазирлик бошқарма бошлиғи Равшанбек Жўраев иссиқлик таъминотига ажратилаётган хорижий маблағлар, тизимдаги камчиликлар тўғрисида хабар берди.

«Республика бўйлаб 23 минг 500та хонадонга иссиқлик таъминоти етказиб бериш кўзда тутилган. Улардан 14 минг 700таси иссиқлик энергияси билан таъминланган, 8 минг 400таси иссиқлик таъминоти етказиб берилмаяпти. 2018 йилда инвестиция доирасида иссиқлик таъминоти ва кўп қаватли хонадонларни уй-жой фондларини ривожлантириш мақсадида республика бюджет маблағлари ҳисобидан 20 млрд сўм ажратилди. Бухоро, Наманган, Тошкент вилоятларидаги 8та қозонхона ва иссиқлик тармоқлари модернизация қилинди.

2019 йилда эса шу йўналишга 58 млрд сўм ажратилди. Шундан 42 млрд сўмга қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, 16 млрд сўмга келгуси йил учун лойиҳа-смета ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу маблағдан 5та маҳаллий қозонхона, 1та марказий қозонхона ва Нукус кўчасидаги 1 километрлик иссиқлик қувватини ўрнатиш амалга оширилди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, ҳозир иссиқлик таъминоти ўтган асрнинг 50-70 йилларда қурилган тизим орқали етказиб бериляпти. Бу ўз-ўзидан энергия ортиқча сарфланишига олиб келяпти. Муаммони бартараф этиш учун кейинги йилдан Чирчиқ, Бухоро шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш бошланади. Бу лойиҳага Жаҳон банки томонидан 220,7 млн АҚШ доллари ажратилади. Шунингдек, Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ҳам ушбу лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади.

Мавзуга оид