Пойтахтда аҳоли ва иқтисодиёт объектларини қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш мақсадида бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик ишлаб чиқарадиган бир қатор замонавий когенерация қурилмалари ишга туширилмоқда.

Юнусобод туманидаги 4-иссиқлик маркази ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган, қуввати 100 МВт бўлган мазкур лойиҳа ана шундай муҳим ташаббуслардан биридир.

Хитойнинг CNTIC компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа 3,5 гектар майдонда жойлашди. Уни молиялаштириш учун 65 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция йўналтирилди.

Давлат раҳбари марказнинг иш жараёни билан танишди.

Когенерация иншоотига Буюк Британиянинг Rolls-Royce компаниясининг 70 та газ-поршен ускуналари ўрнатилди.

Қозонхоналардан истеъмолчиларгача бўлган иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинди. Иссиқлик магистраллари янгиланди. Тармоқлар изоляцияли қувурлар билан алмаштирилди. Бу эса турли даражадаги энергия йўқотишларининг олдини олиш имконини беради.

Марказ ишга туширилиши натижасида йилига 876 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 858 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, йилигa 35 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинади.

Эндиликда пойтахтнинг Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманларида жойлашган жами 1 минг 846 та объект доимий иссиқлик энергияси билан таъминланади. Уларнинг 1 минг 400 таси аҳоли хонадони, қолган қисми эса ижтимоий соҳа объектларидир. Шунингдек, 292 минг хонадонга электр энергияси барқарор етказиб берилади.

Лойиҳа ишга тушиши билан иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган харажатлар 40-45 фоизга камаяди. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар миқдори сезиларли даражада қисқариб, оқова сув ташланмалари юзага келмайди.

Шу ернинг ўзида президент куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар ва иссиқлик марказларини ривожлантириш, Тошкент иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш, пойтахтда ободонлаштириш ишларини такомиллаштириш бўйича таклифлар, шунингдек, аномал совуқ шароитида хизматга жалб этиладиган куч ва воситаларни тақсимлаш юзасидан тақдимотлар билан танишди.