Ўзбекистон | 12:53 / 02.12.2019
15846
6 дақиқада ўқилади

Парамедиклар томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби маълум бўлди

Фото: Pixabay

Парамедиклар томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби маълум бўлди. Тегишли ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилди.

Қайд этилишича, парамедик - махсус тиббий маълумотга эга бўлмаган, аммо “парамедикларни тайёрлаш” бўйича 36 соатлик курсни тўлиқ ўтаб, махсус сертификатга эга бўлган шахс.

Парамедиклар шикастланганларга, сувга чўкканларга, заҳарланганларга ва ҳаётига хавф туғдирувчи бошқа касалликлар ва ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизмати бригадаси етиб келгунга қадар биринчи тиббий ёрдамни кўрсатади.

Зарур бўлганда фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий қидирув-қутқарув хизмати қутқарувчилари ёки бошқа шахслар билан ҳамкорликда воқеа жойидан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилишни ташкиллаштиради.

Фавқулодда вазиятлар юзага келганда, фавқулодда вазият хавфи туғилганда парамедиклар зудлик билан юзага келган вазият ҳақида ягона диспетчерлик хизмати, яъни тез тиббий ёрдам хизмати “103” рақамли Саll-марказига хабар беради ва навбатчи масъул ходим кўрсатмаларига биноан ҳаракат қилади.

Тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатувчи парамедикларни тайёрлаш Тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3973-сонли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Парамедикликка ўқитиладиган шахслар таркиби қуйидагилар этиб белгиланади:

тез тиббий ёрдам автотранспорти воситаларининг ҳайдовчилари;

темир йўл транспорти ходимлари;

авиация ходимлари;

энергетика корхоналари ходимлари;

ёнғин ва фавқулодда вазиятларда жавобгар бўлган ходимлар;

ички ишлар ва мудофаа органларининг ходимлари;

божхона ва солиқ қўмитаси ходимлари;

ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш ташкилотлари ходимлари;

хавфли ишлаб чиқариш объектларининг ходимлари;

тиббий маълумотга эга бўлмаган тиббиёт муассасалари ходимлари;

олий, ўрта махсус ва халқ таълими муассасалари ходимлари;

ижтимоий таъминот ташкилотлари ходимлари;

дам олиш, кўнгилочар ва савдо ташкилотлари ходимлари.

Парамедикларни тайёрлаш Қонунчиликда белгиланган, Давлат аттестацияси ва (ёки) аккредитациясидан ўтган тиббий таълим муассасаларида амалга оширилади.

Ўқув машғулотлари ўқув муассасалари томонидан тасдиқланган Ишчи ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ амалга оширилади. Ишчи дастури ва ўқув режаси қуйидаги назарий билим ва амалий кўникмаларни ўз ичига олади:

одам анатомияси ва физиологияси ҳақида умумий маълумот;

тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдамни тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар (парамедиклар) томонидан ташкиллаштириш;

нафас ва юрак фаолияти тўхтаб қолганда тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш (“Бошланғич реанимация асослари” – Basic Life Support (BLS) «кенгайтирилган ўпка-юрак реанимацияси”- (Advanced Trauma Life Support (ACLS);

шикастланишларда, посттравматик шокларда тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш ("Шикастланишларда тиббий ёрдам (Advanced Trauma Life Support ATLS);

сувда чўкиш ва баъзи турдаги заҳарланишларда тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш;

жароҳатлар ва қон кетишларда тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш;

синишларда, айниқса йўл-транспорт ҳодисалари ва баландликдан тушиш оқибатида юзага келадиган қўшма ва мураккаб жароҳатланишларда тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш;

 ҳушдан кетиш, эпилепсия хуружлари, истерияларда тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш;

 электр токидан зарарланганларга тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш;

 термик ва кимёвий куйишларда, гипотермия ва совуқ уришида тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш;

нафас йўлларининг ўтказувчанлиги бузилганда, бўғилганда ва тиқилиб қолишда тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш;

 террористик ҳаракатларда ўзига хос тартибда тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш;

Ўқув муассасаси ташкилотларнинг иш хусусиятлари асосида курсантлар талабидан келиб чиқиб, уларнинг профилига мувофиқ зарур бўлган тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдамни кўрсатишга оид қўшимча мавзулар ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Ўқув муассасаси ушбу Қоиданинг 5-бандида кўрсатилган назарий ва амалий кўникмалар бўйича курсантларнинг ўқув дастурини ўзлаштириш сифатини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади.

Таълимнинг давомийлиги 36 ўқув (академик) соатини ташкил этган ҳолда, бир иш кунида 8 соатдан ошмаслиги керак.

Ўқув курсларида ўқув машғулотлари шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини акс эттиришга имкон берувчи симуляцион ўқитиш ускуналари билан жиҳозланган ҳолда ўқитишнинг интерактив усуллари ёрдамида ўтказилади. Ўқув машғулотлари олий таълим муассасасини тугатган, шошилинч тиббий ёрдам йўналиши бўйича ўз малакасини оширган, олий ёки биринчи категорияли мутахассислар томонидан, шунингдек юрак-ўпка реанимациялари, травматик шокларда тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ёрдам кўрсатиш мавзуларида “Бирламчи реанимация асослари” (Basic Life Support BLS), «Кенгайтирилган ўпка-юрак реанимацияси” (Advanced Trauma Life Support (ACLS), "Шикастланишларда тиббий ёрдам (Advanced Trauma Life Support ATLS) халқаро стандартларга мувофиқ ёрдам кўрсатиш бўйича сертификатларга эга бўлган мутахассислар томонидан амалга оширилади. 

Курсантлар ўқув ташкилоти томонидан белгиланган тартибда якуний аттестациядан ўтказилади. Якуний аттестация мезонлари таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилади.

Якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган курсантларга сертификат берилади. Ушбу сертификат у берилган санадан бошлаб беш йил давомида амал қилади.

Мавзуга оид