Соғлом ҳаёт | 10:45
511
1 дақиқада ўқилади

Ноинфекцион касалликларга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилади

Ўзбекистонда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳузурида Ноинфекцион касалликларга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилади. Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб саратон касалликларига чалинган беморларга кўрсатиладиган қатор тиббий хизматлар харажатлари давлат томонидан қопланади.

Тегишли ҳукумат қарорига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан давлат бюджетидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида онкологик беморларга кўрсатиладиган бир қатор хизматлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Жумладан, қуйидаги тиббий хизматлар харажатлари қоплаб берилади:

  • саратон касалликларини эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида ўтказиладиган лаборатор ҳамда инструментал текширувлар;

  • касалликка ташхис қўйиш ва унинг босқичини аниқлаш;

  • жарроҳлик амалиётлари;

  • базавий ўсмага қарши дори воситалари, гормонал ва қўллаб-қувватловчи терапия, шунингдек нур терапияси;

  • паллиатив тиббий ёрдам;

  • реабилитация ва диспансер кузатуви хизматлари.

Қарор билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳузурида Ноинфекцион касалликларга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиши ҳам белгиланган.

Мазкур чоралар аҳолига онкологик касалликларни эрта аниқлаш, ўз вақтида ва сифатли даволаш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, беморлар учун молиявий юкни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид