Жамият | 09:30 / 04.12.2019
7376
3 дақиқада ўқилади

«Имконсизликдан имкон топганлар»: ногиронлар кунига бағишланган концерт бўлиб ўтди

Фото: Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Ўзбекистон» форумлар саройида «Бир жамоа — 2019» концерт дастури бўлиб ўтди.

«Имконсизликдан имкон топганлар» шиори остида ўтазилган концерт дастурида эстрада юлдузлари ва рақс жамоаларининг жисмоний жиҳатдан имконияти чекланганлар билан биргаликдаги чиқишлари намойиш қилинди.

Байрам дастурини Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

«Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси учун кенг эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017 йил 1 декабрда «Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича» президент фармони қабул қилинган. Давлат раҳбари бошчилигида республикада жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун ҳам кенг имкониятлар яратилган.

Жорий йилнинг 7-15 ноябрь кунлари Дубай шаҳрида параатлетика бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида паралимпия ўзбек жамоси 4таси олтин бўлган жами 8та медални қўлга киритишди ҳамда умумий ҳисобда фахрли 10 ўринни эгаллашди», дейди Азиз Абдуҳакимов.

Жисмоний жиҳатдан имконияти чекланган болаларни соғломлаштириш учун Нукус шаҳрида ташкил этилган «Имкон» реабилитация марказида қисқа муддат ичида эришилган натижалар намойиш қилинди. Маълум қилинишича, бундай реабилитация марказлари ҳар бир вилоятда очилиши режалаштирилган.

Концерт доирасида ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйча фаол ташаббус кўрсатган бир қатор жамоат арбоблари ташаккурномалар билан тақдирланди.

Шунингдек, йил якунларига бағишланган мазкур тантанада Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг «Йилнинг энг яхши эркак спортчиси», «Йилнинг энг яхши аёл спортчиси» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.

Унга кўра, Параатлетика бўйича жаҳон чемпиони, рекордчи Бобур Омонов «Йилнинг энг яхши эркак спортчиси», Ўзбекистон тарихида илк параканоэ бўйича жаҳон чемпиони Шаҳноза Мирзаева «Йилнинг энг яхши аёл спортчиси» дея эътироф этилди.

Маълум қилинишича, 2019 йилда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси спортчилари 18та халқаро мусобақада иштирок этиб, 33та олтин, 16та кумуш, 16та бронза медалини қўлга киритишди.

2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган 16-ёзги Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик 15 нафар спортчи йўлланмани қўлга киритган ва бу йирик миқёсли тадбирга тайёргарлик жараёнини олиб боришмоқда.  

Мавзуга оид