Тўқаев Қозоғистон пойтахтининг қайта номланиши ҳақидаги саволга жавоб берди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Deutsche Welle нашрига «Немцова. Интервью» дастури доирасида интервью берди.
Суҳбат чоғида дастур бошловчиси, журналист Жанна Немцова Тўқаевдан Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан ўзаро муносабатлари ҳақида сўради.
“Нурсултон Назарбоев шахсида биз Қозоғистон Республикаси асосчисига эгамиз. Катта ҳурматга сазовор инсон, миллат етакчиси. Мен эса Қозоғистоннинг қонуний сайланган президенти, давлат раҳбари, олий бош қўмондонман. Бизнинг ўртамизда ҳеч қандай зиддият йўқ. Мен яширмайман, биз бир-биримиз билан маслаҳатлашиб турамиз, мен баъзида ундан маслаҳат сўраб тураман. Бу ерда икки ҳокимлик йўқ”, деб айтган Тўқаев.
Шунингдек, Тўқаев Қозоғистон пойтахтининг Остонадан Нур-Султон деб қайта номланиши ҳақидаги саволга жавоб берди.
“У [Нурсултон Назарбоев] Қозоғистон асосчисидир. Биз унинг меҳнати ва хизматларини муносиб баҳолашимиз лозим. Бу ерда ҳеч қандай ошириб юборишлик йўқ. Унинг ўзи баъзида у ёки бу объектларнинг қайта номланишига қарши бўлган”, деб таъкидлаб ўтган Қозоғистон президенти.
“Биз у [Нурсултон Назарбоев ] ваколатларини топшириши ҳақида гапираётганда унинг номи билан пойтахтни атадик. Мен Қозоғистоннинг янги президенти сифатида пойтахтни қайта номлашни таклиф қилдим. Биз бу шаҳарга биринчи марта келганимизда, у ўзидан собиқ иттифоқ замонларига хос оддийгина қишлоқни акс эттирарди. Ҳа бу шаҳар эди, лекин жуда кичкина эди. Собиқ Целиноградга [Нур-Султоннинг аввалги номи] пойтахтни кўчириш жасурона қарор бўлган. Моҳиятан бу геосиёсий қарор эди. Янги шароитларда пойтахтнинг катта давлат марказида бўлиши катта аҳамиятга эга”, деб қўшимча қилган Тўқаев.
Тўқаев интервью давомида шунингдек лотин алифбосига ўтилиши, намойишлар, Россия ва Хитой билан ўзаро муносабатлар ва Германияга амалга оширажак ташрифи ҳақидаги саволларга жавоб берган.
Жанна Немцова россиялик марҳум сиёсатчи Борис Немцовнинг қизи бўлиб, 2015 йилдан Германияда Deutsche Welle телерадиокомпаниясининг рус таҳририяти мухбири ва “Немцова. Интервью” ҳамда “DW Новости” дастурлари бошловчиси бўлиб ишлайди.
Мавзуга оид
21:23
Дунёдаги зарарли чиқиндиларнинг бор-йўғи 1 фоизи Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келади – Тўқаев
21:02 / 17.10.2024
Россияни ҳарбий жиҳатдан енгиб бўлмайди — Тўқаев
20:51 / 16.10.2024
Қозоғистон BRICS аъзоси бўлишдан бош тортди
17:06 / 06.10.2024