Жаҳон | 17:54
714
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Конституциявий суди Тўқаевга яна президентликка номзодини қўйишга рухсат берди

Суднинг тушунтиришча, янги Конституцияни қўллашда аввалги 1995 йилги намунадаги Конституциянинг амал қилиш даврида тегишли лавозимда бўлиш муддатлари инобатга олинмайди.

Фото: Қозоғистон Конституциявий суди

Қозоғистоннинг янги Конституцияси амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга яна давлат раҳбари лавозимига номзодини қўйиш имконини беради, дейилади республика Конституциявий суди қарорида.

Ҳужжатга кўра, янги Конституцияни қўллашда аввалги 1995 йилги намунадаги Конституциянинг амал қилиш даврида тегишли лавозимда бўлиш муддатлари инобатга олинмайди.

Суднинг тушунтиришича, чекловлар (хусусан, лавозимда бўлиш муддати бўйича) фақат 2026 йилги Конституция кучга кирганидан кейин амалга оширилган сайлов ва тайинловларга тааллуқлидир.

Аввалги Асосий қонун бўйича давлат лавозимларини эгаллаган шахслар конституциявий ислоҳотдан сўнг қайта сайланиши ёки тайинланиши мумкин. Бундан ташқари, бу биринчи марта сайлаш ёки тайинлаш деб ҳисобланади.

Шу тариқа, амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзи ташаббускор бўлган конституциявий ислоҳотда етти йиллик президентлик муддатига чеклов ўрнатилганига қарамай, яна давлат раҳбари лавозимига номзодини қўйиши мумкин бўлади.

Тўқаевнинг амалдаги президентлик муддати 2022 йил 20 ноябрдан бошланади ва 2029 йил ноябрда тугаши керак.

Мамлакатнинг янги асосий қонуни март ойида референдумда маъқулланган ва жорий йилнинг 1 июлидан кучга кирган. У давлат тузилишининг янги тизимини, шу жумладан бир палатали парламентга ўтишни мустаҳкамлайди.

Аввалроқ, Қосим-Жўмарт Тўқаев 2029 йилда президентлик лавозимини тарк этишини айтган эди.

«2029 йилда лавозимимдан кетишимни аллақачон эълон қилганман. Чунки бу халқимнинг талаби ва ўзимнинг қарорим», деди у.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид