Тошкентнинг учта туманида иссиқлик таъминотида узилишлар юзага келди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Иссиқлик таъминоти қувурлари ёрилгани сабабли Тошкентнинг 3 та туманида иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар берди.
4 декабрь куни соат 16.30да Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманининг Белтепа мавзесида 400 диаметрли иссиқлик қувурларида авария содир бўлди. Натижада туманнинг айрим ҳудудларда иссиқлик энергиясини узатиш вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, мавжуд иссиқлик қувури муддатини ўтаб бўлганлиги сабабли юзага келган вазият айни вақтда бартараф этилмоқда ва қувурнинг носоз қисми янгисига алмаштирилмоқда. Ҳокимликнинг қайд этишича, 4 декабрь куни кеч соат 22:00 да мазкур ҳудуддаги аҳоли хонадонлари яна иссиқлик тизимига уланади.
Шунингдек, 4 декабрь куни соат 17:00да Тошкент вилояти «Назарбек» ҚФЙ ҳудудида жойлашган 9-сонли қозонхонанинг 800 диаметрли қувурида узилиш юзага келган. Натижада Учтепа ва Чилонзор туманларининг айрим ҳудудларида иссиқлик таъминотида вақтинча узилиш кузатилмоқда.
Айни пайтда муаммо бартараф этилмоқда ва 5 декабрь соат 05:00га қадар таъмирлаш ишлари ўз якунига етказилади ҳамда соат 07:00да аҳоли хонадонлари яна иссиқлик тизимига уланади.
«Мазкур узилишларни тезкорлик билан бартараф этишга зарур миқдордаги техника ва мутахассислар жалб этилган.
Ҳурматли ҳамшахарлар, Сизлардан юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!», дейилади ҳокимлик хабарида.
Бундан аввалроқ Белтепада сув қувури ёрилиб кетгани хабар қилинганди.