Жамият | 18:14 / 05.12.2019
8475
2 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: Фарғоналик Шуҳрат Матмусаев жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Ҳиндистонга жўнаб кетди

2019 йилнинг май ойида Фарғона вилояти, Қўштепа туманига сафар қилган Kun.uz ижодий гуруҳи оғир хасталик билан курашаётган Шуҳратжон Матмусаев хонадонида бўлган, сафар тафсилотлари асосида сайтимизда «Болаларим отасиз ўсмаслиги учун ўз жигаримни беришга тайёрман». Қўштепалик аёл турмуш ўртоғи учун куйиб-ёнмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Саховатпеша юртдошларимиз ёрдамида операция учун талаб этилган маблағ йиғилди. Эртанги кунидан хавотирда бўлган оиланинг умид чироқлари яна порлай бошлади.

Сафар олдидан юртдошларимизга оқ йўл тилаб, кузатиш мақсадида аэропортга бордик. Суҳбатимиз давомида беморнинг умр йўлдоши Муаттар Матмусаева эри шифо топиши учун ошкора ва пинҳона эҳсон қилган, кўмак берган барча инсонларга миннадорлик билдирди.

«Оиламизга моддий, маънавий ёрдам кўрсатган, билдириб-билдирмай кўмак берган барча азизларга катта раҳмат, барчангизга бошим ерга теккунча таъзим қиламан», дейди Муаттар Матмусаева.

Унинг айтишича, умр йўлдоши сафар олдидан Тошкентда 10 кун муолажа олган. Аёл жигар циррозига чалинган турмуш ўртоғига жигарининг 60 фоизини беришга қарор қилган.

Шуҳратжон Матмусаев турмуш ўртоғи билан бугун Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрига учиб кетишди. Олдинда уларни мураккаб жарроҳлик амалиёти кутмоқда. Дуо қилайлик, илоҳим операция муваффақиятли ўтиб, ватандошларимиз Ўзбекистонга эсон-омон қайтишсин!

Хайрия акциямизда фаол иштирок этган барча юртдошларимизга таҳририятимиз номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Яхшилик қилишдан чарчаманг, толманг, азиз юртдошлар!

Мавзуга оид