Жамият | 14:06 / 07.12.2019
25797
4 дақиқада ўқилади

39та йўналишда йилнинг энг яхши шифокорлари аниқланди

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида тиббиётнинг турли йўналишларида ўтказилган “Йилнинг энг яхши шифокори” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, Конституция қабул қилинганининг 27 йиллиги арафасида ўтган ушбу тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов очиб, тадбир иштирокчилари ва танлов ғолибларини қутлади. 

Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, сўнгги уч йилда ушбу йўналишда 170 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Соҳани молиялаштириш ҳажми ҳам бир неча баробарга оширилди. Масалан, 2017 йилда соҳага 7,1 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда тиббиёт объектларини қурилиш-таъмирлаш ишларига ажратилаётган маблағлар миқдори 3 баробарга ортди.

Кейинги йилларда мамлакатда замонавий тиббиётнинг муҳим йўналиши бўлган тиббий-профилактика хизматини ривожлантиришга эътибор тобора кучаймоқда. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган соҳа — шошилинч ва “тез ёрдам” хизматининг фаолияти ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Тиббиёти тараққий этган мамлакатларда қўлланилаётган илғор инновацион тиббий технологияларни мамлакат тиббиётида жорий этишга ҳам алоҳида аҳамият бериляпти. Сўнгги уч йил ичида мамлакат тарихида биринчи марта буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш бўйича энг мураккаб операциялар муваффақиятли бажариб келинаётгани бунга мисол экани айтилади.

Тиббиёт тизимида эришилаётган бундай натижалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва гўдаклар ўлимини кескин камайтириш, халқнинг соғлом ва узоқ умр кўриш кўрсаткичини яхшилашга замин бўлмоқда. Тиббиёт тизимида эришилаётган бундай ютуқлар замирида соғлиқни сақлаш тизимида фидокорона хизмат қилаётган шифокорларнинг ўзига хос ҳиссаси бор. 

Президент жорий йил Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, “Биз сизларнинг тимсолингизда халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз”, дея шифокорларнинг эл саломатлигини асраш йўлида олиб бораётган ишларига муносиб баҳо берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтаётган “Йилнинг энг яхши шифокори” танлови ҳам тиббиёт ходимларининг меҳнатини қадрлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, тизимда орттирилган илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Танлов бу гал ҳар йилгидан кўра ҳам юқори савияда ва кенг миқёсда ўтказилди. Бу йил биринчи марта 39 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди. 

Жорий йилда танловда тиббиёт ходимлари билан бир қаторда илк бор тиббиёт илм-фани ривожига муносиб улуш қўшаётган олимлар, тадқиқотчилар ҳамда фармацевтика соҳаси вакиллари ҳам иштирок этди. Яъни, “Йилнинг энг яхши профессори”, “Йилнинг энг яхши изланувчи-тадқиқотчиси”, “Йилнинг энг яхши илмий ходими”, “Йилнинг энг яхши доценти”, “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” номинацияларида тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича самарали изланиш олиб бораётган, тиббий таълимда яхши натижаларга эришаётган олимлар, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар рағбатлантирилди.

Тадбирда тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича ўтказилган танлов ғолиб ва совриндорлари “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, диплом, статуэтка, эсдалик совғалар ва пул мукофоти билан тақдирланди. 

Мавзуга оид