Ўзбекистон | 12:15
1311
3 дақиқада ўқилади

100 нафар шифокор Саудияда ишлаши мумкин

Саудия Арабистони дастлабки босқичда 100 нафар ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширани хусусий тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилишни режалаштирмоқда. Мамлакатда хорижий тиббиёт ходимларига талаб юқори бўлиб, иш берувчи турар жой, тиббий суғурта ва йиллик авиачипта харажатларини ҳам қоплаб бериши кўзда тутилган.

Фото: Дунё

Бу масала Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси дипломатлари ҳамда ушбу мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кадрлар бошқармаси бошлиғи, шунингдек, Vigour Locomotion Medical Center тиббий реабилитация маркази бошқарув директори Вадҳа бинт Саад ал-Ҳажрий ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбекистонлик шифокор ва ҳамшираларни Саудия Арабистонининг хусусий тиббиёт муассасаларига ишга жалб қилиш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Саудия томони маълумотига кўра, мамлакатдаги хусусий касалхона ва тиббиёт марказлари учун қарийб 4,5 минг нафар хорижий шифокор ва ҳамширага эҳтиёж мавжуд. Шу муносабат билан биринчи босқичда 100 нафар ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисини ишга қабул қилиш таклифи билдирилган.

Таклиф этилаётган меҳнат шартларига мувофиқ, иш берувчи ходимларнинг расмий яшаш ва ишлаш рухсатномаси (иқома), турар жой, ички транспорт харажатлари, тиббий суғурта ҳамда йиллик авиачипта харажатларини тўлиқ қоплаб беради.

Иш ҳақи ёш шифокорлар учун 4 500–5 600 саудия риали (тахминан 1 200–1 500 АҚШ доллари), тажрибали мутахассислар учун 5 600–9 300 саудия риали (1 500–2 500 доллар), ҳамширалар учун эса 3 000–3 750 саудия риали (800–1 000 доллар) миқдорида белгиланган.

Эҳтиёж асосан оилавий шифокорлар, акушер-гинекологлар, физиотерапевтлар, дерматологлар, болалар психологлари ва юз-жағ жарроҳлари каби мутахассисликлар бўйича мавжуд.

Учрашувда Саудия томони ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг касбий маҳорати ва меҳнат интизомини юқори баҳолаб, инглиз тилини яхши биладиган ҳамда касбий этика талабларига амал қиладиган мутахассисларга талаб катта эканини таъкидлади.

Шунингдек, музокаралар чоғида Ар-Риёд провинциясида замонавий кўп тармоқли соғломлаштириш марказини қуриш лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Лойиҳа амалга оширилса, унга Ўзбекистондан қурувчилар, муҳандислар, электриклар, сантехниклар, дурадгорлар, ҳайдовчилар ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш, кейинчалик эса янги иш ўринларини яратиш режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги делегация июль ойи охирида Ўзбекистонга ташриф буюриб, соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан қатор учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид