Ўзбекистон | 00:28 / 07.12.2019
4569
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбарияти ўзбек ҳарбийларининг “Халқаро кеча” маданий тадбиридаги фаоллигини юқори баҳолади

Фото: Мудофаа вазирлиги

5 декабрь куни АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари “МакДилл” авиабазасида (Тампа шаҳри, Флорида штати) АҚШ Марказий қўмондонлигида ҳамкорлик фаолиятини юритаётган элликдан ортиқ давлат иштирокида “Халқаро кеча” номли тантанали маданий тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Тадбирда ушбу давлатларнинг маданияти, урф-одатлари, миллий либослари ва таомлари намойишидан дунёнинг барча қитъаларидан ташриф буюрган уч мингдан ортиқ меҳмонлар баҳраманд бўлишди.

Ўзбекистон Республикасининг АҚШ Марказий қўмондонлигидаги вакиллари подполковник У. Аҳмедов ва майор Э. Алиев ўз оилалари билан биргаликда юқори иштиёқ ва ташаббус кўрсатиб, ўзбек маданияти ва миллий қадриятларини тақдим этишди. Хусусан, сўзана намуналари, миллий либослардан атлас, адрас, бахмал (духоба), дўппи, салла, тўн ҳамда миллий ранглар билан безатилган чойнак, лаган, коса ва пиёлалар намойиш этилди.

Ўзбекистон ҳарбий вакиллари томонидан тайёрланган миллий таомлар, жумладан, ош, нўхат шўрва, хасип, дўлма, манти, шашлик, хоним, лағмон, сомса, чак-чак, қатлама, нон, кўк чой, айрон ва ўрик шарбати барча меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

Ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган миллий либослар кийган ҳамюртларимизнинг иштироки тадбирга янада ўзгача байрамона шукуҳ бағишлади. Ватандошларимиз, она юртимизни чет элда бу каби юқори миқиёсдаги миллатлараро тадбирларда намойиш этилиши, шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан давлатимизга берилган юқори баҳо Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига муносиб совға эканини таъкидлашди.

“Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” ҳарбий медали эскизининг муаллифи майор Э. Алиевнинг нафақат Ўзбекистонни, балки бутун Марказий Осиёни ифодалайдиган ва кенг маънода урф-одатлари ва қадриятларини очиб берадиган асари ўзбек экспозициясига янада ранг-баранглик туҳфа этди.

Ўзбек ҳарбийларининг тадбир доирасидаги фаоллиги АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбарияти томонидан юқори баҳоланди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид