Жаҳон | 20:10 / 09.12.2019
8974
1 дақиқада ўқилади

Алмазбек Атамбоев ва унинг 15 тарафдорига суд-психиатрик текширув тайинланди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев ва 2019 йил августида Қўй-Тош қишлоғидаги оммавий тартибсизликлар ва махсус жангчиларни гаровга олиш иши бўйича гумон қилинаётган яна 15 кишига суд-психиатрик текширув тайинланди. Бу ҳақда Қирғизистон ички ишлар вазирлиги маълум қилди. 

Вазирликда тушунтирилишича, 16 киши, жумладан Атамбоев оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этиш бўйича гумонланувчи сифатида ўтаётгани сабабли 12 ноябрда уларни текширувдан ўтказиш қарори қабул қилинган.

Ҳужжатлар ижро этилиш учун Республика руҳий саломатлик марказига йўлланган.

7 августда Қирғизистон куч тузилмалари Қўй-Тошда Атамбоевни қўлга олиш бўйича амалиёт ўтказган. Собиқ президентнинг уйини штурм қилишга уриниш унинг тарафдорлари томонидан қайтарилган. Атамбоев тарафдорлари 6 нафар махсус жангчини гаровга олишга муваффақ бўлишган. 8 августда куч тузилмалари ва собиқ президент тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувлар давом этиб, Атамбоевнинг таслим бўлиши билан тугаган. Собиқ президент қон тўкилиши давом этмаслиги учун шундай қарорга келган. Махсус амалиёт натижасида 136 киши жабрланган. Бир махсус жангчи ҳалок бўлган. 

Ушбу воқеалар тергови билан ҳозирда ички ишлар вазирлиги тергов хизмати шуғулланмоқда. 

Мавзуга оид