Ўзбекистон | 22:03 / 09.12.2019
21493
4 дақиқада ўқилади

«Баъзи қонунлар алоҳида шахслар учун хизмат қилмоқда» — Партиялар вакиллари лоббизм ҳақида

Бугун, 9 декабрь куни Халқаро матбуот марказида Халқаро пресс-клубнинг «Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги ташқи-иқтисодий фаолияти» натижаларига бағишланган навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Унда Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги ташқи-иқтисодий фаолияти, инвесторларга яратиб берилаётган имкониятлар, шунингдек, республикага инвестицияларнинг кириб келиш кўрсаткичлари Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда журналистлар иштирокида муҳокама қилинди.

Тадбирда журналистлар томонидан Ўзбекистон қонунчилигида алоҳида шахслар манфаатларига хизмат қиладиган қонунлар бор ёки йўқлиги, агарда бундай қонунлар мавжуд бўлса, нега сақланиб қолаётгани борасида савол билан мурожаат қилинди ва сиёсий партиялар вакиллари бу саволларга жавоб беришди.

Дилшоджон Раҳмонов - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«2020 йилдан протекционизм ривожланишига эътибор қаратадиган бўлсак, бундай ҳолатлар бор. Чунки, 2020 йил 1 январидан протекционизм сиёсатининг янада жиддийлашиши бу – Ўзбекистонда қайсидир маҳсулот ишлаб чиқарувчиси ёки шу маҳсулотни олиб кирувчи алоҳида шахс, ёки юридик шахснинг манфаатларини кенгайтириб беради.

Бу қарорда худди шундай дейилмайди, лекин шу нарсани кўрсатиб беради».

Фазлиддин Зиёев - Адолат социал-демократик партияси:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Адолат социал-демократик партияси ҳам бугунги кунда баъзи юридик шахсларга берилган имтиёзлар мавжудлигини қайд этади.

Бу имтиёзлар бир томондан ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун мўлжаллангандир, лекин масалага иқтисодий томондан қарайдиган бўлсак, чет элдан келтирилаётган хом ашёга берилаётган имтиёзлар ёки ички бозорда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга берилаётган имтиёзлар орадаги рақобат синишига сабаб бўлади.

Бунинг сабаби шундаки, ишлаб чиқариш тан нархи белгиланаётганда у солиқлардан келиб чиққан ҳолда бўлиши керак. Бизнинг таклифимиз, имтиёзлар бераётганда солиқ имтиёзини эмас, солиқ тўлов имтиёзини қўллаш керак. Бунда ишлаб чиқариш таннархини белгилаш ҳамма учун бир хил бўлади. Аммо имтиёз берилаётган ташкилот учун солиқ тўловини ўзида олиб қолган ҳолда фойдани яна ўша ташкилот фаолиятини ривожлантиришга йўналтириш керак».

Акмал Умрзаков - «Миллий тикланиш» демократик партияси:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Ҳа, бу бизда ҳозиргача бу амалиёт мавжуд бўлиб келяпти. Фақат, илгари аниқ бир шахсларга берилган бўлса, бугунги кунда бу соҳаларга бериляпти. Хўш, нима учун соҳаларга бериляпти? Чунки, бизда ҳали айрим соҳаларда ривожланган технологиялар танқис. Биз божхона ёки солиқ имтиёзларини шу сабабдан уларга беришга мажбур бўляпмиз.

Ўйлайманки, бу ҳолат доимо давом этиши мумкин эмас, қачондир тўхташи керак. Имтиёз олаётган соҳа жаҳон даражасига чиқдими, имтиёз дарҳол тўхташи керак».

Равшан Хомитов – ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Бундай ҳолат мавжуд. Бу ҳолатни айрим соҳалардаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларни қондириш билан изоҳлаш мумкин бўлса, унинг умрини қисқартириш керак. Чунки бу соғлом рақобатга қаттиқ таъсир ўтказади».

Улуғбек Пирмухамедов – Ўзбекистон Экологик партияси мурожаатлар бўйича бўлим бошлиғи:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Сўралаётган ҳолат бизда амалда бор. Яқинда Лондонда UzInvest йирик инвестиция форуми бўлиб ўтди. Шу каби форумларда тўғридан-тўғри давлат билан ишлайдиган инвесторлар билан алоқага киришилади.

Ўйлашимча, фақат шу йўл билан имтиёзларнинг умрини қисқартириб, тўғри ечимга ўтилади, деб ўйлайман».

Мавзуга оид