Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, O'zLiDeP ва “Адолат” СДПнинг бошланғич партия ташкилотлари томонидан президентлик сайловлари учун ўз номзодларига имзо йиғиш жараёни давом этмоқда.

Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг ҳудудлар бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига топширилади ҳамда уларнинг тўғри тўлдирилганлиги беш кунлик муддатда текшириб чиқилади. 

Халқ демократик партиясига кўра, партиянинг имзо йиғиш жараёнида фуқаролар, аҳолининг турли қатлами вакиллари партия ғоялари, ташаббуслари билан яқиндан танишган ҳолда қатнашмоқда.

Ўзбекистон Экологик партиясида овоз тўплаш жараёнлари партиянинг 3 мингдан ортиқ бошланғич партия ташкилоти, партия фаоллари билан биргаликда ташкил этилмоқда. Партия мазкур жараёнда фуқаролар ўз хоҳиш-истаклари билан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, сайловда иштирок этишига хайрихоҳлик билдираётганини маълум қилган

“Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ҳам имзо йиғиш ишлари жадал олиб бориляпти. Жумладан, Наманган шаҳридаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани”да кўплаб сайловчилар партиядан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, имзо варақасини тўлдирганлар.