Жамият | 15:20 / 09.12.2019
98292
5 дақиқада ўқилади

«Энг ёмони қилмаган ишинг учун жазо олишинг» — Андрей Кубатин ва Феруза Жуманиёзова билан суҳбат

Кўпчиликка ноҳақ қамалган олим сифатида яхши таниш бўлган, уч ойча аввал озодликка чиққан Андрей Кубатин ҳамда унинг турмуш ўртоғи, тарихчи олима Феруза Жуманиёзова таҳририятимиз меҳмони бўлишди. Улар қизиқарли суҳбат давомида ҳаётларининг оммага маълум бўлмаган қирралари, илм ва олим тийнати, тарихчи олимни қийнаган муаммолар, шунингдек, илмий фаолиятлари ҳақида сўзлаб беришди.

«Кўпчилик туркология деганда туркий халқлар тиллари билан шуғулланишни тушунади — бу янглиш!»

— Андрей ака, кўпчилик сизни тарихчи сифатида танийди, баъзилар эса турколог олим деб билади. Ўзингиз тааллуқли бўлган илм соҳаси ҳақида сўзлаб берсангиз?

— Бизда халқ орасида юрган янглиш тушунча бор, яъни туркология деганда туркий халқлар тиллари билан шуғулланувчи соҳани тушунади. Аслида бундай эмас, сабаби туркий халқларнинг тарихини, маданиятини, фолклорини – барча соҳаларини ўрганувчи олим турколог ҳисобланади. Мен кўпроқ уларнинг қадимги даври билан шуғулланаман.

Феруза Жуманиёзова ва Андрей Кубатин

Бундан ташқари, ўзбек тилининг бобо тили бўлган қадимги руник ёзувлар бўйича ва илк ўрта асрларда туркий ва эроний халқларнинг алоқалари бўйича ҳам тадқиқотлар олиб боряпман.

«Аслида, илм бизнинг йўлларимизни туташтирган»

— Феруза опа, илмга кириб келишингиз қанақа бўлган? Ҳаёт йўллари қандай қилиб кесишди?

— Аслида, илм бизнинг йўлларимизни туташтирган десам муболаға бўлмайди. Мен университет талабаси бўлган кезларимдаёқ туркий халқларнинг тиллари, ёзувларига қизиқардим. Туркийшунос олим Ғайбулло Бобоёров бу борада менга устозлик қилган ва айни замонда Андрей Кубатин ҳам у кишининг шогирди эди.

Устозимиз чет эл сафарларида, конференцияларида бўлган вақтда Андрей ака менга туркий халқлар ҳаётига оид китобларни топишда ёрдам берарди, ёзувларни ўргатарди. Андрей ака бошқа миллат вакили бўлишига қарамай, ўзбек халқини ниҳоятда севиши, туркий халқлар тарихи, этнографияси, тили, маданияти ҳақида жуда мукаммал билимга эгалиги мени қизиқтирарди. Мен ҳам шу илм соҳасидан кетишни мақсад қилгандим ва илм бизнинг йўлларимизни туташтирди десам бўлади.

«Турмада сиз бу дунёни ва осмонни катакли деб ҳис қиласиз»

— Андрей ака, журналист Хайрулло Ҳамидов бир жойда осмон тўртбурчак бўлиб кўринади деган эди. Ўша жойда ўтган ҳаётингиздан келиб чиқиб, кўпчиликка маълум бўлмаган, «экранорти»даги ҳолатлар ҳақида нималарни айта оласиз?

— Ҳақиқатан ҳам турма тизимида ўтирганда, кўчага сайрга олиб чиқилади ва бир соат вақт берилади. Шунда ҳам ўша жойда тепасига катакли сетка тортилган бўлади, бундан ташқари, хонадаги дарча ҳам панжарали бўлади. Шундан кейин сиз бу дунёни ва осмонни катакли деб ўйлай бошлайсиз.

«Маҳкумларни урадиган ходимлар ҳали ҳам бор, лекин бу аввалгидек эмас»

— Дастлабки пайтларда нималарни ўйлагансиз, қандай ҳиссиётлар ўтган? Сизга нисбатан қандай муносабатда бўлишди?

— Албатта, муносабат бошида жуда ёмон бўлган-ку. Мен аввалги интервьюларимда ҳам айтганман, президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб борган сиёсат маҳкумларга бўлган муносабатни анча ўзгартирди.

Бошида тушганимда, кечириб қўясиз-у, кўчада боқилаётган молдан фарқим йўғиди: ҳеч қанақа ҳуқуқ, ҳеч нарса йўқ. Икки ярим йил жазо ижро этиш тизимида юрган бўлсам, ислоҳотларни ўзим бошимдан ўтказдим.

Афсуски, ҳозир ҳам эшитиб тураман, маҳкумларни урадиган, қўл кўтарадиган баъзи ходимлар ҳали ҳам бор. Лекин бу барибир аввалгидек эмас. Ўз мансабига совуққонлик билан қарайдиган, инсон қадрини билмайдиган, президентнинг гапини қилишни хоҳламайдиганлар, шу соҳада ишлайдиганлар ҳозиргача ҳам бор. Лекин умумий ҳолатни оладиган бўлсак, анча яхшиланди.

...2019 йилда охирги олти ойда оқланганларни ҳисобласа, ўтган 28 йиллик даврдан кўп бўлса керак. Чунки оқлов ҳукми деган нарса бизни суд тизимида худди қизил китобга киритилган ноёб ҳайвон ёки ўсимликдай гап эди.  

Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Нуриддин Нурсаидов тасвирчи,
суҳбатдош Йигитали Маҳмудов

Мавзуга оид