Метеорологлар, муҳандислар ва тиббий мутахассислардан иборат олимлар гуруҳи South Africa's Sunday Times газетасига юборган электрон хатда хабар берилишича, тажовузкор ходим аллақачон жамоанинг бир аъзосига нисбатан жинсий зўравонлик ишлатган, шунингдек, бошқасини ўлдириш билан таҳдид қилган. Можаро иштирокчиларининг исмлари очиқланмаган.
«Афсуски, [унинг] хатти-ҳаракатлари шу даражага етдики, бу бизни чуқур ташвишга солмоқда. Хусусан, унга [исми келтирилмаган] нисбатан зўравонлик ишлатган, бу шахсий хавфсизлик шартлари ва иш стандартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади», – дея мактубдан парча келтиради нашр.
Мактуб муаллифларининг сўзларига кўра, безори ходим бутун гуруҳ учун хавф туғдиради.
Британиянинг Times нашри ёзишича, олимлардан мактуб ўтган ҳафтадаёқ келганди.
Оғзаки тортишувдан жисмоний зўравонликкача
Жанубий Африканинг Sanae IV тадқиқот базаси Африканинг энг жанубий нуқтасидан тахминан 4000 км масофада жойлашган.
Узоқлик ва мураккаб об-ҳаво шароити туфайли олимларни қисқа вақт ичида эвакуация қилиш деярли имконсиз. У ерга бориш учун об-ҳаво қулай бўлганда тахминан икки ҳафта вақт талаб этилади.

Жанубий Африка Республикасидан келган тадқиқот гуруҳи денгиз контейнерларига ўхшаш модулли вагонларда яшайди. Жамоа таркибида жами тўққиз киши бор. Улар яна 10 ой бирга бўлиши керак, аммо ҳозир мамлакат расмийлари жамоадаги муҳитни нормаллаштириш ва гуруҳнинг муаммоли аъзосини олиб кетиш йўлини топиш устида бош қотирмоқда.
Times нашри ёзишича, ЖАР атроф-муҳит вазири Дион Жорж олимлар жамоаси билан шахсан гаплашмоқчи эканини маълум қилган.
«Аввалига гуруҳ раҳбари ва ўша одам ўртасида оғзаки тортишув бўлган. Кейин вазият ёмонлашган, кейин у экспедиция раҳбарига ҳужум қилиб, жисмоний куч ишлатган», – дейди вазир.
Дион Жоржнинг айтишича, дастлабки суриштирув мактубда тилга олинган одам, катта эҳтимол билан, атрофдагилар учун хавф туғдирадиган бирор ҳаракатни дарҳол амалга ошириш ниятида эмаслигини кўрсатган.
Унинг сўзларига кўра, вазирлик аллақачон «шошилинч аралашув зарурати» билан Норвегия ва Германиядаги ҳамкасбларга мурожаат қилган. Ушбу мамлакатлар ҳам Антарктидада илмий-тадқиқот базаларига эга бўлиб, улар Sanae IV яқинида жойлашган.








