Жамият | 20:00 / 09.12.2019
4386
2 дақиқада ўқилади

Танқидга жавоб: Ургут ва Булунғурни боғловчи давлат аҳамиятидаги йўл келгуси йил тўлиқ таъмирланади

Самарқанд вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси Kun.uz’да эълон «Ургут йўлсозларидан «инновацион ғоя»: республика аҳамиятидаги йўлни шағал билан ҳам таъмирлаш мумкин» сарлавҳали танқидий мақолага муносабат билдирди.

«2019 йил давомида жорий таъмирлаш маблағлари ҳисобидан 12,585 млрд сўмлик маблағ ажратилиб, ушбу маблағ доирасида умумфойдаланишдаги давлат ва маҳаллий аҳамиятига эга бўлган 40,3 километрдан зиёд автомобиль йўлларида ҳамда тумандаги ички хўжалик йўлларни таъмирлаш бўйича 1,4 млрд сўм маблағ доирасида 14,9 км, «Обод қишлоқ» дастури доирасида 48,9 км йўлларга 7,5 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари Ургут туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан амалга оширилди.

Мақолада тилга олиб ўтилган, Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р47 «Булунғур шаҳри — Ургут шаҳри — М39 автойўли» автомобиль йўлининг 37-52 км қисмларида мавжуд асфальтобетон қопламаси юк кўтариш қобилиятини йўқотгани боис таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Мазкур автомобиль йўлида асфальтобетон қопламалари бузилгани, яъни юк кўтариш қобилияти бугунги кундаги транспорт воситаларига мўлжалланмагани ҳамда қишки мавсум бўлганини иноботга олиб, бугунги кунда ушбу автомобиль йўлининг 37–52 километрида қум-шағал аралашмасидан асос тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу йилнинг ўтган даврида 4Р47 «Булунғур шаҳри — Ургут шаҳри — М39 автойўли» автомобиль йўлининг 33–36 км оралиғидаги узунлиги 3 км қисмида тўлиқ асфальтобетон қопламаси ётқизилиб, фойдаланишга топширилди.

Жорий йилда ажратилиши режалаштирилган маблағлар ажратилиб, қурилиш турига асосан тақсимланганини инобатга олиб, мазкур автомобиль йўлининг 37–52 километрлари оралиғидаги қисмини таъмирлаш ишлари 2020 йилда ажратилган маблағлар доирасида босқичма-босқич амалга оширилишини маълум қиламиз», — дейилади Самарқанд вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси муносабатида.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид