Жаҳон | 10:35 / 10.12.2019
24858
2 дақиқада ўқилади

2018 йилда қурол савдоси умумий ҳажми маълум қилинди 

Фото: Taavi Arus / Delfi

2018 йилда қурол сотиш ва ҳарбий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги 100 та энг йирик компаниянинг савдоси ҳажми 420 млрд долларни ташкил қилди. Умумий савдо ҳажми 2017 йилга нисбатан 4,6 фоизга ўсган. Бу ҳақдаги маълумот Стокҳолм дунё муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI) маърузасида келтирилган.

Умумий савдо ҳажмида АҚШнинг улуши 59 фоизни (246 млрд доллар), Россияники 8,6 фоизни (36,2 млрд доллар), Британияники 8,4 фоизни (35,1 млрд доллар) ва Францияники 5,5 фоизни (23,2 млрд доллар) ташкил қилган.     

Маърузада таъкидланишича, 2002 йилдан бери ҳарбий савдо умумий ҳажми 47 фоизга ошган. Ушбу статистикага Хитой ҳақидаги маълумотлар улар йўқлиги сабабли киритилмаган.

Ҳарбий-саноат соҳасидаги компаниялар юзталигида АҚШ компаниялари етакчилик қилмоқда. 2002 йилдан бери илк бор рейтингнинг етакчи бешталигига фақат АҚШ компаниялари кирди, улар: Lockheed Martin, Boeing, Northrop Grumman, Raytheon ва General Dynamics. Бу компаниялар ҳиссасига 2018 йилдаги умумий савдонинг 35 фоизи ёки 148 млрд доллар тўғри келган.

Россия компанияларининг 2018 йилдаги савдо ҳажми 2017 йилга нисбатан 0,4 фоизга камайиб, 36,2 млрд долларни ташкил қилган. Тадқиқот муаллифлари буни АҚШ ва Европа компаниялари савдоси ўсиши билан боғлашган.      

Европанинг юзталикка кирган 27 та компанияси умумий савдоси ҳажми 102 млрд долларни ташкил қилган.  

Умуман олганда, етакчи юзталикка кирган 80 та компания АҚШ, Европа ва Россияда жойлашган. Шунингдек, рейтингга Япониядан 6 та, Исроил, Саудия Арабистони ва Жанубий Кореядан 3 тадан, Туркиядан 2 та ва Австралия, Канада ҳамда Сингапурдан биттадан компания кирган.

Мавзуга оид