Алмазбек Атамбоев суд-психиатрик текширувдан ўтишдан бош тортди
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев суд-психиатрик текширувдан ўтишдан бош тортди. Бу ҳақда Қирғизистон социал-демократик партияси расмий вакили Қундуз Жолдубаева депутат Ирина Карамушкинага асосланиб хабар берди.
Жолдубаеванинг айтишича, Атамбоев ҳибсда ушлаб турилган тергов изоляторига руҳшунос мутахассислар келган, бироқ собиқ президент шифокорларнинг саволларига жавоб беришдан бош тортган.
“Бугун Ирина Карамушкина ва Асел Кодуранова экспертизадан ўтишди. Уларнинг айтишича, текширув суҳбат шаклида ўтган. Унинг натижалари 10 кундан кейин тайёр бўлади”, деб маълум қилган Жолдубаева.
Айни вақтда Қирғизистон ички ишлар вазирлиги жорий йилнинг 7-8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғида Алмазбек Атамбоевни қўлга олиш вақтида юз берган тартибсизликлар ва одамларнинг гаровга олиниши юзасидан судгача тергов олиб бормоқда. Ушбу иш бўйича Алмазбек Атамбоев ва унинг 15 тарафдорига, жумладан Жогорку Кенешнинг икки депутати - Ирина Карамушкина ва Асел Кодунаровага психиатрик текширув тайинланган.
Депутатлар Атамбоевнинг уйидаги воқеалар вақтида одамларни гаровга олишда иштирок этишда гумон қилинмоқдалар. Улар суд қарори билан уй қамоғига қўйиб юборилганлар.