Жамият | 19:30 / 10.12.2019
3806
2 дақиқада ўқилади

Жазони ўташ муассасасидан озод этилган 7154 киши ишга жойлаштирилган - Вазирлик

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлим бошлиғи Абдуваҳоб Қулмановнинг маълум қилишича, 2019 йил давомида жазони ўташ муассасасидан озод этилган 7154 нафар шахс ишга жойлаштирилган. Вазирлик мулозими бу ҳақда 9 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

«Ўтган вақт мобайнида жазони ўташ муассасасидан озод этилган 7761 нафар шахснинг меҳнатга лаёқатли 7154 нафари ишга жойлаштирилган. Қолган қисми тиббий муассасаларга даволанишга юборилган, ногиронлик ёки ёшга доир пенсияга чиқарилган. Маҳкумларнинг 1789 нафарига жойлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан иш топиб берилган, 624 нафарига квоталанган иш ўринларидан ваканция ажратилган, 272 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 2101 нафар шахс мустақил равишда корхона ва ташкилотларга ишга жойлашган бўлса, 1687 нафари норасмий секторда фаолият олиб бормоқда», дея Абдуваҳоб Қулмановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда жазони ўташ муассасалридан қайтган фуқароларнинг 11 нафари касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишга юборилгани, 13 нафарига ишсизлик нафақаси тайинлангани, 10 нафари ўқув курсларига жалб қилингани маълум қилинди.

Таъкидланишича, 2019 йилда озодликка чиқарилган 7761 нафар шахснинг 389 нафари аёллар, 944 нафари 30 ёшгача бўлган фуқаролар, қолгани эркаклардир.

«2020 йилда республиканинг 200та туманида 109 мингта иш ўрни меҳнат бозорида иш топишга қийналадиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун захиралаб қўйилган бўлиб, жазони ўташ муассасаларидан қайтадиган шахслар ҳам ана шу тоифага киради. 2020 йилда улар учун 5590та иш ўрни захирага олинган. Ушбу иш ўринлари келгуси йил давомида жазони ўтаб қайтадиган фуқароларга тақдим этилади», дейди Абдуваҳоб Қулманов.

Аввалроқ маҳкумлар меҳнати билан топилган даромадлар миқдори очиқланган, Ўзбекистонда маҳкумлар қанча ойлик олиши айтилган эди.