Сўхда Конституция куни ва «Ҳосил байрами» нишонланди
Фарғона вилояти Сўх туманида Конституция кунининг 27 йиллиги байрами ва қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари кунига бағишлаб «Ҳосил байрами» ўтказилди.
«Конституциямиз қабул қилинган кун ҳар йили халқимиз томонидан катта байрам сифатида кўтаринки руҳда нишонланади. Айни дамларда юртимизда байрам шукуҳи кезиб юрибди. Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган тадбир ва анжуманлар бўлиб ўтмоқда.
Сўх тумани маданият бўлимининг мажлислар залида Конституцияга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими, секторлар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, ҳарбийлар, корхона-ташкилот раҳбарлари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Сўх тумани тўрт томондан Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ва туман тадбирларида қўшни давлат вакиллари иштироки анъана тусини олган. Конституция байрами тадбирларида ҳам Қирғизистондан келган меҳмонлар қатнашишди. Тадбир аввалида туман ҳокими Фаррух Усаров сўзга чиқиб, бош қомусимизнинг фуқароларимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида гапирди ҳамда Конституциямизнинг 27 йиллиги билан муборакбод этиб, ҳуқуқий давлатнинг белгиси - барча фуқаролар ирқи, миллати, динидан қатъи назар қонун олдидаги тенглигидалигини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда сўз олган бошқа иштирокчилар Конституциямизнинг беназир ҳуқуқий қадрият, муқаддас ҳужжат эканлиги ҳақида гапириб ўтдилар.
Қайд этиш керак, ҳар йили республикамизда президентимизнинг ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси қишлоқ хўжалиги ходимларининг касб байрами сифатида кенг нишонланади. Конституция байрами кунига тўғри келган бу байрам тантана файзига янгича шукуҳ бахш этди десак, муболаға эмас.
Шуни ҳам алоҳида таъкилаш лозимки, Конституция арафасида бир қатор турли соҳаларда фаолият юритадиган меҳнат фидойилари ва фаол ишчи-ходимларни давлат мукофотлари ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирлаш анъанага айланиб қолган. Тадбир давомида Сўх туман ветеринария бўлими бошлиғи Ҳайитжон Ашуровга «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Шунингдек, бир қатор қишлоқ хўжалиги соҳасида фаол бўлган пиллакор ва ғаллакорлар, бободеҳқонлар ва боғбонларга, ижарачи-фермерларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Бундай эсдалик совға ва дипломлар туман шарафини вилоят кўрик-танловида ҳимоя қилган «Чумоқча» ва «Ҳазрати Али» маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари – Ҳамроали Мирзобоев ва Субҳонали Нишоновга топширилди. 23-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ёш спортчиларига ҳам республика миқёсида кураш бўйича ўтказилган мусобақалари ғолиблари сифатида фахрий ёрлиқ ва медаллар тақдим этилди.
Конституция байрамига бағишлаб концерт дастури туман маданият бўлими ходимлари томонидан иштирокчиларга тақдим этилди. Тадбирга ташриф буюрган 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчи-ёшлари томонидан саҳнада бахтимиз Қомуси шеър ва қўшиқлар ила тараннум этилди.
Ҳа, Конституциямиз барчамиз учун муқаддас қадриятдир. Уни асраб-авайлашимиз, ўқиб-ўрганиб, мазмун-моҳиятни теранроқ тушунишимиз даркор. Бахтимиз Қомусида белгиланган ҳуқуқлардан самарали фойдаланиш, ўз бурчларимизни виждонан, масъулият билан бажариб, уни келажак авлодга улуғ неъмат сифатида етказиш ва Қомусимиз билан фахрланиш давлатимизнинг ҳар бир фуқароси учун шарафдир. Байрам шукуҳи туман маҳалла ва қишлоқларида давом этмоқда», дейилади Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотида.
Байрам тадбирларидан сўнг туманнинг «Малбуд» маҳалласида «Ҳосил байрами» ўтказилди.
«Сўх туманида ҳар йили «Ҳосил байрами»га бағишлаб турли тадбирлар ва спорт мусобақалари уюштирилади. Анъанага содиқ қолган ҳолда «Ҳосил байрами» шарафига улоқ-кўпкари ўйини ташкил этилди. Мусобақаларга қўшни Қирғизистон республикасидан ҳам номдор улоқчилар таклиф этилди. Сўхнинг Малбуд тоғ этагида ўтказилган кўпкари мусобақаси ҳақиқий дўстлик кечасига айланиб кетди. Тадбирда ота-боболаримиздан қолган умрбоқий қадриятлар ва қардош халқлари дўстлиги ҳақида гапирилиб, асрлар оша шаклланган дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш давр талаби эканлиги таъкидлаб ўтилди. Мусобақа ғолибларига қиматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Қўшалоқ байрамлар шукуҳи туман марказида ҳам давом этди. Ўтказилган тадбирда барча қишлоқ хўжалиги намоёндалари иштирок этишди ва уларга байрам дастурхони ташкил этилди. Қирғизистондан ташриф буюрган меҳмонлар, санъаткорларнинг дилтортар наволари ҳамда самимий тилаклар ва ажойиб рақслар билан тадбир барча иштирокчилар қалбига бир олам қувонч бағишлади.
Дарҳақиқат, ўтказилган байрамлар замирида инсон омили мужассам эканлиги ҳаммамизни бирдек қувонтиради. Зўр кайфият билан ўтказилган тадбирларда иштирокчилар бундай ҳаёт ва замон учун фақат ва фақат шукрона келтириш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди», дейилади ҳокимлик хабарида.
Мавзуга оид
15:48 / 06.10.2024
“Йилига 300-400 млн сўм даромад оламан” – асалари боқиб тирикчилик қилаётган сўхлик Асалбек ака
20:32 / 26.02.2024
«Бу ерга келиб, ҳам уй-жойли, ҳам автомашинали бўлдим» — Сўхга бориб ишлаётган шифокор
13:03 / 23.01.2024
“Бадбўй ҳидидан нафас оляпмиз” – Сўхда канализация суви ариққа оқмоқда
11:15 / 25.10.2023