01:19 / 12.12.2019
0
5792

Нигерда жангариларнинг ҳарбийларга ҳужуми вақтида 60 киши ҳалок бўлди 

Фото: Reuters

Нигер ғарбида кўп сонли жангарилар гуруҳининг армия лагерига ҳужуми оқибатида 60 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Нигер куч тузилмаларига иқтибос келтирган ҳолда AFP ахборот агентлиги хабар берди.   

Таъкидланишича, террорчилар Мали билан чегара яқинида жойлашган лагерни миномётлардан ўққа тутишган. Кўп сонли қурбонлар снарядларнинг ўқ-дори ва ёқилғи сақланувчи омборларга тегиши билан боғланган. Куч тузилмалари вакили қурбонлар ҳарбийлар ёки тинч аҳоли орасидан бўлганига аниқлик киритмаган.   

Бу орада Malijet янгиликлар сайтининг хабар қилишича, жангариларнинг лагерга ҳужуми оқибатида 70 ҳарбий ҳалок бўлган, 30 нафари бедарак йўқолган. Сайт олган маълумотларга кўра, бир неча ўн жангари лагерга кичик гуруҳлар бўлиб яқинлашиб, уни ўраб олган. 

Ушбу ҳужум Нигер қуролли кучларининг Мали билан чегарадаги позицияларига жорий ҳафтадаги иккинчи ҳужум бўлган. 9 декабрда террорчилар Тахуадаги лагерга ҳужум қилишган. Таъкидланишича,  тўқнашувлар давомида 14 жангари йўқ қилинган, 3 ҳарбий ҳалок бўлган.

Охирги ҳафталарда Сахел минтақасида ҳаракат қилувчи террорчилик гуруҳлари сезиларли фаоллашган. Хусусан, Мали, Нигер ва Буркина-Фасодаги ҳукумат қўшинлари позициялари ҳужумларга учраган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ҳужумлар мувофиқлашган ҳолда амалга оширилмоқда ва бу ҳолат Сахел давлатларига янги таҳдид хавф солаётганидан дарак беради.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top