Бир неча кун олдин Доналд Трамп иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида япониялик журналист ундан АҚШ нега Эронга эҳтимолий ҳужум ҳақида иттифоқчиларини хабардор қилмаганини сўради. Шунда Трамп мазах оҳангида: “сизлар нега Перл Ҳарборга ҳужум қилишингиз ҳақида менга олдиндан хабар бермагансизлар?” дея жавоб қайтарди.

Жорий йилда Япония армиясининг АҚШнинг Ҳавайи оролларида жойлашган Перл Ҳарбор ҳарбий базасига ҳужум қилганига 85 йил тўлади.

Ўшангача Германиянинг Европадаги, Япониянинг Тинч океани ҳавзасидаги босқинчиликларини кузатиб турган АҚШ ўз ҳарбий базасига қилинган ҳужумдан сўнг Иккинчи жаҳон урушига қўшилганди.

Хўш, Ҳавайи ороллари АҚШ таркибига қачон қўшилган ва японларнинг Перл Ҳарбор ҳарбий базасига ҳужуми қандай содир бўлганди? Ҳозир шу ҳақда гаплашамиз.

АҚШ Ҳавайи оролларини қачон эгаллаганди?

Ҳавайи оролларини илк бор 1778 йилда британиялик денгиз сайёҳи Жеймс Кук кашф этади. Шундан сўнг Британия Ҳавайи оролларини ўз мулки деб эълон қилади.

Британия билан рақобатлашиб турган АҚШ ва Франция Ҳавайи оролларини эгаллаш учун бир неча марта уриниб кўради. Бироқ бунинг иложи бўлмайди.

Ўша пайтларда Ҳавайи оролларига Япония ҳам даъвогарлик қиларди. Бироқ унга АҚШ ҳудуди яқинроқ бўлгани учун Япониянинг Ҳавайини ўз таъсир доирасига олиши имконсиз эди.

Маълумот учун, Ҳавайи ороллари Япониядан 6 200 км, АҚШдан 3 700 км узоқликда жойлашган.

1843 йилга келиб Ҳавайи қироллиги ташкил топади ва АҚШ, Британия ҳамда Франция унинг мустақиллигини тан олади. Бироқ 1893 йилда америкаликлар Ҳавайи қиролини тахтдан ағдаради. У ерда Ҳавайи республикаси ташкил этилади.

1898 йилда АҚШ Ҳавайи оролларини эгаллаб олади. Мамлакат Конгресси Ҳавайини Қўшма Штатларга қўшиб олиш ҳақидаги қарорни қабул қилади. Бироқ АҚШ унга штат мақомини бермайди.

Ҳавайи ороллари АҚШ таркибига киргач, бу ерда инфратузилма ривожланади. Турли оролларда шаҳарлар, портлар, кемаларни таъмирлаш устахоналари – доклар қурилади.

Кейинчалик фуқаро авиацияси ва самолётсозлик ривожлангач, Ҳавайи оролларида аэродромлар қурилади. АҚШ авиакомпаниялари материкдан у ерга мунтазам парвозларни йўлга қўяди.