АҚШ Савдо ваколатхонаси (USTR) ва Қўшма Штатларнинг Жаҳон Савдо Ташкилотидаги миссиясида узоқ йиллар масъул лавозимларда ишлаган Марк Линскотт Тошкентда матбуот анжумани ўтказди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, савдо бошқаруви соҳасида 33 йиллик иш тажрибасига эга эканини айтган америкалик собиқ мулозим Ўзбекистон нима учун Жаҳон Савдо Ташкилотига киришга ҳаракат қилиши лозимлиги бўйича фикр билдириб ўтди.
«Биринчидан, жаҳонда ЖСТга кирмаган давлатлар жуда кам қолган (164та давлат аъзо – таҳр.). Марказий Осиёдан фақат Туркманистон ва Ўзбекистон ҳозирча ташкилот аъзоси эмас.
ЖСТга қўшилишга қизиқиш билдирмаётган КХДРни ҳисобга олмаганда, ҳатто урушлардан кейин тикланаётган мамлакатлар – Судан, Жанубий Судан, Ироқ кабилар ҳам ташкилотга кириш томон ҳаракат қилмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистон хориждан инвестиция жалб этишга, ўз минтақасидан ташқари савдо алоқаларини ҳам ўстиришга катта эътибор қаратмоқда. ЖСТга аъзолик Ўзбекистонга кираётган инвесторлар ва мамлакатнинг савдо ҳамкорларига кафолатлар ва ошкораликни тақдим этади.
Учинчидан, ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистонга бошқа давлатларнинг ўзига алоқадор тижорий қарорлари устидан (масалан, чегара ва божлар масаласида) шикоят қилиш имконини беради. Мисол учун, Антигуа ва Барбуда ЖСТ орқали АҚШнинг савдо чекловларига қарши чиққанди. Ёки Марказий Америка мамлакатлари Европа давлатлари томонидан банан импортига жорий этилган чекловларнинг бекор қилинишига эришишган эди.
Қолаверса, Ўзбекистон ЖСТга қўшилиб, унинг тўлақонли аъзоси сифатида халқаро савдо қоидаларини ишлаб чиқишда қатнашиш имконига эга бўлади», – дейди Марк Линскотт.
Унинг таъкидлашича, Жаҳон Савдо Ташкилотига асос солинган 1995 йилдан буён ҳали бирорта давлат ундан чиқиб кетмаган.

ЖСТга аъзо бўлиш жараёни қанча вақт давом этишига қайси омиллар таъсир этиши ҳақидаги саволга Линскотт қуйидагича жавоб берди.
«Жараён узоққа чўзилиши мумкин. Бу, шубҳасиз, мураккаб жараён. Талабгор ЖСТ доирасидаги турли шартномаларни ўз қонунчилигига татбиқ этишга тайёр бўлиши керак. Бу келишувлар савдо ёки хизмат кўрсатиш иштирокчиларининг ҳуқуқлари, стандартлар, субсидиялар, тарифлар ва бошқаларни ўз ичига олади.



















