19:42 / 13.12.2019
0
11051

«Барселона» ва «Реал»да жиддий синовлар. Ҳафта ўйинлари анонси

Дам олиш кунлари мухлисларни Европада бир қатор марказий ўйинлар кутиб турибди. Tribuna.uz шанба ва якшанба кунлари қуйидаги бешта қизиқарли учрашувни томоша қилишни тавсия этади. Бундай ўйинларда шиддат кафолатланади.

«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» - «ЭВЕРТОН»

Англия Премьер-лигаси. 17-тур

15 декабрь (якшанба)

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»

Ўтган ҳафтада Жозе Моуриньо қўл остидаги «Тоттенҳэм» ва Пеп Гвардиола бошчилигидаги «Манчестер Сити»ни мағлуб этган «Манчестер Юнайтед» Сульшер устозлигидаги энг муҳим ғалабаларига эришди. Аммо, «МЮ» ўзига келмоқда, дейишга ҳали эрта. Сабаби, манчестерликлар Премьер-лиганинг грандларини қақшатаётган бўлишига қарамай, ўртамиёна ва аутсайдерлар билан ўйинларда “Робин Гуд” мисоли очко улашишмоқда. «Юнайтед»нинг ушбу мавсумдаги мағлубиятларига эътибор берилса, Сульшер шогирдлари асосан турнир жадвалининг иккинчи қисмидан жой олган клубларга мағлуб бўлган. Бу турда уларга худди шундай клублардан бири «Эвертон» тўқнаш келади. Марку Сильва истеъфога чиқарилгач, «Эвертон» Данкан Фергюсон қўл остидаги дастлабки ўйинда «Челси» устидан ишончли ғалабага эришди. Ливерпулликлар «Олд Траффорд»да ҳам олдинги ўйинларда «Кристалл Пэлас», «Астон Вилла» амалга оширган ишни уддалаш илинжида келишади.

Манчестердаги ўзаро 3та ўйин:

2018/19. МЮ – Эвертон 2:1

2017/18. МЮ – Эвертон 4:0

2016/17. МЮ – Эвертон 1:1

«РЕАЛ СОСЬЕДАД» - «БАРСЕЛОНА»

Испания Ла Лигаси. 17-тур.

14 декабрь (шанба)

Ўйин бошланиш вақти: 20:00

ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»

Ла Лиганинг ушбу туридаги марказий учрашув Сан-Себастианда ўтказилади. Турнир пешқадами «Барселона» «Эль-Класико» олдидан ашаддий рақибининг номдоши «Реал Сосьедад» меҳмони бўлади. Сан-Себастианликлар ушбу мавсумнинг кашфиёт жамоаларидан бири бўлиб туришибди. Иманоль Алгуасиль шогирдлари 4-ўриндан жой олган. Ушбу баҳс икки томон учун муҳим аҳамиятга эга. Мезбонлар мавсумдаги энг катта синовдан ўтишса, меҳмонлар эса муҳим ўйин олдидан жиддий синовга дуч келишади. «Реал Сосьедад» мағлубиятга учраган тақдирда, жадвалда 6-7-ўринга тушиб кетиш хавфи бўлса, Эрнесто Вальверде жамоаси очко йўқотган тақдирда «класико»га пешқадам сифатида кела олмаслиги мумкин. Шундай экан, Месси ва унинг жамоаси учун Сан-Себастиандаги ўйин шунчаки “репетиция” ёки пешқадамликдан айирган баҳс бўлиб қолади.

Сан-Себастиандаги ўзаро 3та ўйин:

2018/19. Реал Сосьедад – Барселона – 1:2

2017/18. Реал Сосьедад – Барселона – 2:4

2016/17. Реал Сосьедад – Барселона – 1:1

«ВУЛВЕРҲЭМПТОН» - «ТОТТЕНҲЭМ»

Англия Премьер-лигаси. 17-тур

15 декабрь (якшанба)

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»

Турнир жадвалида ёнма-ён бораётган икки португалиялик мураббийлар – Нуну Эшпириту Санту қўл остидаги «Вулверҳэмптон» ва Жозе Моуриньо бошчилигидаги «Тоттенҳэм» клублари ўртасидаги баҳс шиддатли ва муросасиз ўтиши аниқ. Ғалаба икки жамоага бир-биридан узоқлашиш имконини беради, қолаверса 3 очко билан бешликка кириб олиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. «Бўрилар» ўз уйларида пешқадам жамоаларга қарши қандай ўйнашни жуда яхши билишади. Шундай экан, «Тақачилар»ни ҳам бу ерда осон ўйин кутмайди. Мезбонлар сўнгги 9 ўйиндан бери мағлубиятга учрашгани йўқ. Сўнгги сафар баҳсида «Олд Траффорд»да мағлуб бўлган Моуриньо эса, кетма-кет меҳмондаги иккинчи учрашувда ҳам мағлубиятга рози бўлмаса керак.

Лондондаги ўзаро 3та ўйин:

2018/19. Вулверхэмптон – Тоттенҳэм – 2:3

2011/12. Вулверхэмптон – Тоттенҳэм – 0:2

2010/11. Вулверхэмптон – Тоттенҳэм – 3:3

«АРСЕНАЛ» - «МАНЧЕСТЕР СИТИ»

Англия Премьер-лигаси. 17-тур

15 декабрь (якшанба)

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»

Душанба куни «Вест Ҳэм»ни мағлуб этиб, ниҳоят 7 ўйиндан иборат ғалабасиз сериясига чек қўйган «Арсенал»ни келаётган турда яна бир жиддий синов кутиб турибди. Фредди Юнгберг бошчилигидаги «Канонирлар» Лондонда амалдаги чемпион «Манчестер Сити»га қарши саф тортишади. «Арсенал» сўнгги икки мавсумда мухлислари қаршисида бу рақибга мағлубиятга учрамоқда. Аммо ҳозирга келиб «Манчестер Сити»дан аввалги мағлубиятлар учун реванш олишнинг айни вақти. Гвардиола шогирдлари чемпионликни деярли қўлдан бой беришди, қолаверса сўнгги турда ашаддий рақиби «Манчестер Юнайтед»га ўз уйида мағлубиятга учраб, жиддий зарбани қабул қилишди. АПЛда нокаут ҳолатидаги «шаҳарликлар»ни «Арсенал» ҳам мағлуб эта олса, Гвардиоланинг клубдаги фаолияти сўроқ остида қолиши мумкин. Акс ҳолатда эса Юнгберг мураббийлик курсисини янги бош мураббийга топширса, ажабмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бизни «Эмирейтс» ўйингоҳида ажойиб баҳс кутиб турибди.

Лондондаги ўзаро 3та ўйин:

2018/19. Арсенал – Ман.Сити – 0:2

2017/18. Арсенал – Ман.Сити – 0:3

2016/17. Арсенал – Ман.Сити – 2:2

 «ВАЛЕНСИЯ» - «РЕАЛ»

Испания Ла Лигаси. 17-тур.

15 декабрь (якшанба)

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»

«Эль-Класико» олдидан «Реал» «Барселона»дан фарқли ўлароқ 3 кун эмас, 2 кун дам олади, холос. Якшанба оқшомида Зидан шогирдларини яна бир азалий рақиб «Валенсия»га қарши муҳим учрашув кутиб турибди. «Месталья»даги қарама-қаршилик Мадрид клуби учун жиддий синов саналади. «Қироллик клуби» «Валенсия»га қарши сафарда ўтган сўнгги 5 мавсумдаги ўйинлардан бор йўғи биттасида меҳмондан ғалаба қайта олишди. Қолаверса, сентябрь ойида «кўршапалаклар»да иш бошлаган Альберт Селадес «Валенсия»ни яхши спорт формасига чиқара олди. Клуб сўнгги 8 ўйиндан фақатгина иккитасида мағлубиятга учраган. Ла Лига доирасидаги мезбонликдаги ўйинларида 9та баҳсдан бери мағлубиятга учрагани йўқ. Ушбу турдаги «Реал» устидан ғалаба жамоани 4-ўринга чиқариши мумкин. Ўз ўрнида Зидан шогирдларининг ҳам Ла Лигадаги ғалабали серияси 4та ўйинга етди. Каталониядаги учрашувга хушкайфиятда бориш учун ҳам мадридликлар ғалабали юришларини давом эттиришлари талаб этилади. «Реал» чоршанба куни Барселонага қандай ҳолатда етиб боришига бу ўйиннинг аҳамияти катта.

Валенсиядаги ўзаро 3та ўйин:

2018/19. Валенсия – Реал Мадрид – 2:1

2017/18. Валенсия – Реал Мадрид – 1:4

2016/17. Валенсия – Реал Мадрид – 2:1

Усмон Ибодов

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top