Англия Премьер-лигаси: «МЮ» «Арсенал»га қарши, «Ливерпуль» учун жиддий синов
Туманли Альбионда турнинг марказий учрашуви бу турда ҳам «Олд Траффорд»да ўтказилади. Сульшер қўл остидаги «Манчестер Юнайтед» Артетанинг «Арсенал»ини қабул қилади. «Юнайтед» ўтган турда ҳам марказий учрашувда Лондоннинг «Челси» клубига қарши майдонга тушган ва баҳс нурсиз дуранг билан якунланганди. Ўша баҳсдан кейин «МЮ» чоршанба куни ЕЧЛ доирасида Бундеслига пешқадами «Лейпциг»ни 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, ҳафтанинг энг шов-шувли ғалабасини қайд этди. «Арсенал» ҳам Европа лигаси доирасида «Дандолк» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Еврокубокларда яхши иштирок этаётган бу клубларнинг АПЛда унчалик омади юришаётгани йўқ. Айнан ушбу баҳс жамоаларнинг Премьер-лигадаги бу йилги имкониятлари қай даражада эканлигини кўрсатиши мумкин.
Амалдаги чемпион «Ливерпуль» эса ўз майдонида «Вест Ҳэм»ни қабул қилади. Дэвид Мойес жамоаси охирги уч ўйинда «Лестер»ни сафарда 3:0 ҳисобида мағлуб этгани, «Челси» билан 3:3, «Манчестер Сити» билан эса 1:1 ҳисобини қайд этганини инобатга олсак, Юрген Клопп жамоасини жиддий синов кутиб турганлигини англаш мумкин.

АПЛ. 7-тур.
30 октябрь (жума)
01:00. Вулверҳэмптон - Кристал Пэлас 2:0.
31 октябрь (шанба)
17:30. Шеффилд Юнайтед - Манчестер Сити
20:00. Бернли - Челси
22:30. Ливерпуль - Вест Ҳэм
1 ноябрь (якшанба)
17:00. Астон Вилла – Саутҳемптон
19:00. Ньюкасл – Эвертон
21:30. Манчестер Юнайтед – Арсенал
00:15. Тоттенҳэм – Брайтон
2 ноябрь (душанба)
22:30. Фулҳэм – Вест Бромвич
01:00. Лидс – Лестер.
Испания Ла Лигаси: «Барса» ва «Реал» ўртамиёналарга қарши
Ла Лига 8-турига старт берган жума кунги учрашувда «Кадис» сафарда «Эйбар»ни мағлуб этиб, «Реал»ни бир поғона пастлашишига сабаб бўлди ва 2-ўринга чиқиб олди. Шунга қарамай, Зидан жамоаси пешқадамликни яна қайтариб олиш имкониятига эга. Мадридликлар бу турда «Уэска»га қарши саф тортишади. «Барселона» футболчилари эса клуб раҳбариятидаги ўзгаришларга қай даража реакция кўрсатишини «Алавес» билан ўйинда кўрамиз. Турнинг марказий баҳси «Атлетик» ва «Севилья» ўртасида ўтиши кутилмоқда.











