Ўзбекистон | 11:41 / 13.12.2019
12056
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк истеъмолчиларга эслатма билан чиқди

Фото: Марказий банк

Марказий банк банк хизматлари истеъмолчиларига эслатма билан чиқди.

Қайд этилишича, Марказий банкка жисмоний шахслардан ўз мулкини (кўчмас мулк ёки автомобиль) сотишдан тушган пул маблағларини, дивиденд ёки гонорарларни ўзларининг банк карталари ва депозит ҳисобварақлари орқали олиш тартиби юзасидан кўплаб мурожаатлар тушмоқда.

Билдирилишича, жисмоний шахслар, хусусий мулкини сотишдан тушган пул маблағларини, шунингдек, дивидендлар, ижодий фаолиятидан олинган гонорарлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумларини ўзларининг банк карталари ва депозит ҳисобварақларига чекловларсиз олиш ҳуқуқига эга. 

Мулк олди-сотди шартномасини тузишда, шунингдек, дивиденд ва бошқа қонуний тўловларни олишда, тўловни амалга оширувчи томонга маблағ олувчининг банк картаси ёки депозит ҳисобварағининг банк реквизитларини тақдим этиш зарур, уларни хизмат кўрсатувчи банкдан олиш мумкин.

Банкларнинг мобил иловаларидан ёки тўлов ташкилотларининг (Payme, Click, Paynet ва бошқалар) хизматларидан фойдаланганда, тўловчига маблағ олувчининг банк картаси рақамини беришнинг ўзи кифоя.

Мобил иловалар ва бошқа ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи воситалар орқали пул маблағлари билан тўловлар ва ўтказмалар амалга оширганда, ҳеч қачон ва ҳеч кимга СМС-хабар кўринишида олинадиган бир марталик паролни бермаслик керак. 

Агар банк картаси СМС орқали хабар бериш хизматига уланган бўлса, у ҳолда банк картаси эгаси мобил телефон орқали СМС-хабарнома ёки Telegram-bot орқали унинг банк картасига маблағ тушганлиги ҳақида маълумот олиши мумкин.   

Банклар жисмоний шахсларнинг банк карталари ёки депозит ҳисобварақларига маблағларни кирим қилганлиги учун воситачилик ҳақи ундиришга ҳақли эмас, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид