Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мексикада 3D-принтерда ночор оилалар учун биринчи уйлар қуриб берилди
Мексиканинг Табаско штатида ночор оилалар учун қишлоқ қуриш лойиҳасини амалга ошираётган Icon стартапи ва New Story ҳамда Echale нотижорат ташкилотлари 3D-принтер ёрдамида бўлғуси қишлоқ учун иккита илк уйни қуриб берди. Бу ҳақда Dwell нашри хабар берди.
Уйлар Icon Vulcan II принтерида махсус бетон аралашма ёрдамида барпо этилган. Ушбу принтер тез-тез ўзгариб турадиган об-ҳаво ва чекланган ресурслар сабабли анъанавий қурилишни олиб бориш мураккаб бўлган қишлоқ жойлари учун ишлаб чиқилган. Уйларнинг қурилишида ҳудуднинг юқори сейсмик фаоллиги ҳисобга олинган.

Иккита ётоқхона, меҳмонхона, ошхона ва санузелга эга намунавий уйнинг майдони 46,5 квадрат метрни ташкил қилиб, уни принтерда босиш учун бор-йўғи 24 соат талаб этилади. Стартап ҳаммаси бўлиб қишлоқда 50 та шундай уй қурмоқчи. Бир уйни босишга кетадиган сарф-харажат ошкор қилинмаган.

Уйлар яшаш учун барча воситалар билан таъминланган. Ушбу уйлар аталган оилалар уларга 2020 йил бошида кўчиб ўтадилар.


3D-босма технологияси уйлар ва бошқа иншоотлар қуришда тобора кенг қўлланмоқда. Мисол учун, 2018 йил охирида Шанхайнинг инновацион боғларидан бирида 3D-принтерда босилган дунёдаги энг узун бетон кўприк пайдо бўлганди. Ёйсимон кўприкнинг узунлиги 14,1 метрни, эни эса 4 метрни ташкил қилади. Кўприк Хэбэй провинциясидаги 1,5 минг йиллик тарихга эга эски кўприкнинг нусхаси ҳисобланади.