Ҳукумат халқ олдида ҳисобдор бўлиши шартми?
Ҳокимлар автомобилларни кимнинг ҳисобидан совға қиляпти, бюджет пул ҳисобли бўлиши керак эмасми, каби саволлар тез-тез янграётган бир пайтда давлат бюджети илк маротаба қонун кўринишида қабул қилинди.
Хўш, бу билан нима ўзгаради, мазкур янгиликнинг амалдаги аҳамияти қандай? Биз бу масала юзасидан мутахассислар ва жамоатчилик вакилларининг фикрлари билан қизиқдик.
«Энди ҳукумат бир сўм ортиқча ёки қўшимча харажат қилиш учун парламентга югуриши, улардан розилик олиши керак бўлади»
Қобил Хидиров, блогер (davletovuz телеграм канали муаллифи):
– Давлат бюджети бу, аввало, солиқлардан шаклланади. Солиқни эса тадбиркорларимиз, фуқароларимиз тўлайди. Шундай экан, бюджетнинг барча босқичлари – шакллантиришдан сарфлашгача шаффоф ва очиқ бўлиши керак. Одамлар бюджетнинг қаерга кетаётганини билиши, аввало, очиқча коррупция ҳолатлари ва мақсадсиз сарф-харажатларнинг камайишига олиб келади.
Қонун эса биринчи галда ҳукуматнинг бюджетдан ўзбошимча фойдаланиш имкониятларини кескин камайтиради. Бюджетга жиддий ўзгартириш киритиш учун ҳукумат парламентдан, яъни халқ вакилларидан розилик олиши, уларга нега бундай қилинганини тушунтириб бериши керак бўлади.
Умид қиламизки, янги парламент бу борада талабчанроқ бўлади. Йўқса, қонуннинг қабул қилиниши шунчаки қуруқ гап бўлиб қолади. Шу маънода айтганда, ҳукуматнинг масъулияти каррасига ошади. Бир сўм ортиқча ёки қўшимча харажат қилиш учун парламентга югуриши, улардан розилик олиши керак бўлади. Моҳиятан ҳукуматга унчалик ёқадиган иш эмас, лекин бу давр талаби эканлигини ҳам тушунади.
Умуман, охирги уч йил бюджетчилик анъаналаримиз учун муҳим давр бўлди. Аввало, дунё иқтисодиётига интеграция жараёни бошланди, бунинг учун очиқ бўлишимиз, айниқса, бюджетимиз ва статистикамиз шаффоф бўлиши кераклиги яққол кўзга ташланди. Айнан шу тенденция доирасида илк марта «Фуқаролар учун бюджет» нашри эълон қилина бошланди. Илгари умуман билмаган масалаларни оддий одамлар ҳам ўзлари ўқиб, тушуниб олмоқда. Қолаверса, парламентда махсус бюджет назорати бўйича тузилма ташкил қилинди. Буларнинг барчаси, охир-оқибатда, бюджетни тузувчи ва сарфловчиларнинг масъулиятини кучайтирмоқда. Бюджетнинг очиқ бўлиши коррупцияга қарши энг муҳим зарба ҳисобланади. Шунинг учун ҳам янги қонундан умидимиз катта.
«Давлат бюджети барчага очиқланса, солиқлардан қочишга интилиш ҳам камаяди»
Отабек Сафаров – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девони Давлат бюджети бошқармаси сектор мудири:
– Ўзбекистонда ҳам ривожланиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Давлат бюджети очиқланиши нега шу пайтгача амалга оширилмаганлигининг бир қанча сабаблари бор. Давлат бюджетини қонун сифатида тасдиқлаш учун ўзига хос босқичларни босиб ўтиш ҳамда маҳаллий бюджетларни бунга тайёрлаш талаб қилинар эди. Ушбу қонун қабул қилинганидан сўнг жойларда мутасадди ташкилотлар билан биргаликда керакли тушунчалар бериш режалаштирилмоқда. Чунки қонуннинг мазмун-моҳиятини барча бирдек тушунсагина, у амалда ижобий ўзгаришларга олиб келади.
Фуқаролар давлат бюджети қайси йўналишларда сарфланаётганини билишлари жуда муҳим, чунки ҳар бир фуқаро ўзи тўлаётган солиқлар қаерда ва қандай сарфланаётганини билишлари шарт. Ана шундагина фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи ортиб, солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлашдан манфаатдор бўлади. Айнан янгидан қабул қилинаётган бюджет қонунида ҳам мана шу масалаларга алоҳида эътибор берилган.
Давлат бюджети қонунида белгилаб берилган тартиб ва нормаларга тўлиқ риоя этилса ҳамда амалиётда акс этса, фуқароларнинг ҳукуматга бўлган ишончи ортади. Бюджетдан ажратилаётган маблағлар қандай сарфланиши бўйича бутун жараён тўлиқ очиб берилиб, шаффофлик таъминланса, фуқароларда ишонч пайдо бўлади ва шу билан биргаликда солиқлардан қочишга интилиш ҳам бўлмайди.
«Қонун орқали кучли жамоатчилик назорати шаклланади»
Шерзод Муҳамедов – Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари:
– Бу қонун давлат бюджетининг шаффофлигини ва очиқлигини оширишдан ташқари бюджет интизомини мустаҳкамлашга қаратилган.
Биринчидан, олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, бу йилги бюджет харажатлари вазирлик ва идоралар бўйича тасдиқланмоқда. Яъни парламент ҳар бир вазирлик ва идоралар учун 2020 йилда маълум бир миқдордаги маблағларни тасарруф этиш ваколатини бермоқда.
Аввалги йилларда бюджет харажатлари соҳалар кесимида тасдиқланган бўлиб, кўпроқ маълумот хусусиятига эга бўлган. Ҳозирги белгиланаётган тизим эса ҳар бир вазирлик ва идорага маълум миқдордаги маблағлардан фойдаланиш ваколати билан бирга, унга ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш масъулиятини ва жавобгарлигини юклайди.
Бу ерда биринчи ўринда парламент назорати ўрнатилади. Парламент эндиликда ҳар бир вазирлик ва идорадан ажратилган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва улар эвазига эришилган натижалар тўғрисида ҳисобот эшитишга ҳақли.
Бошқа тарафдан, аҳоли ҳам қайси вазирлик қанча бюджет маблағларини ишлатаётганлиги кўриб, шаффофлик натижасида назорат қилиш имкониятига эга бўлади. Яъни эгасиз маблағ қолмайди.
Иккинчидан, қонун билан маҳаллий ҳокимият органларининг ваколати ва мустақиллиги оширилмоқда. Бундан буён, маҳаллий бюджет параметрлари юқоридан белгилаб берилмайди. Маҳаллий ҳокимият органлари ва маҳаллий Кенгашлар даромадлар ҳажмини ва харажатлар йўналишларини мустақил белгилайдилар.
Эндиликда Олий Мажлис республика бюджетини, халқ депутатлари вилоят кенгашлари вилоят бюджетларини, туман ва шаҳар кенгашлари туман ва шаҳар бюджетларини тасдиқланади.
Бюджет харажатларини белгилашда бевосита жойлардаги халқнинг вакиллари бўлган депутатларга ваколат берилиши жамоатчилик назоратини кучайтиради.
Хулоса
Агар бюджет очиқ бўлса, жамоатчилик назорати ҳам юзага келади. Чунки ўзини солиқ тўловчи деб билган фуқарога пуллари қаерга сарфланаётгани қизиқ. Хато-камчиликларни ойна каби кўрсатиб туришда жамоатчилик назорати жуда аҳамиятли.
Очиқ давлат бюджети дегани фақат шакл вазифасини бажариши керак эмас. Белгиланган рақамлар ҳақиқатга мос келиши лозим. Ўйлаймизки, бу – очиқ бюджет амалиётини жорий этишнинг бошланиши. Балки кейинги босқичларда амалдорларнинг мол-мулклари декларациясини тақдим этишлари ҳуқуқий меъёрлар билан мустаҳкамланиб қўйилар. Муҳими, илк қадам босилди.
Муҳаббат Маъмирова
Мавзуга оид
16:20 / 28.05.2021
Январ-март ойларида Ўзбекистон аҳолиси ўтган йилгидан 350 млрд сўм кўпроқ даромад солиғи тўлади
20:44 / 25.05.2021
Биринчи чоракда ЯИМ 3 фоизга ўсгани маълум қилинди
21:52 / 30.04.2021
Давлат ташкилотларида молиявий қонунбузилишлар ўтган йилга нисбатан 5,7 бараварга ортди — Молия вазирлиги
15:38 / 18.01.2021