Жамият | 11:40 / 16.12.2019
17516
3 дақиқада ўқилади

Бир вақтнинг ўзида иккита давлатдан пенсия олиб келаётган фуқаролар аниқланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда жорий этилган “Пенсия” дастурига киритилган маълумотлар асосида қўшни Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрган ҳамкасблар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда маълумотларни солиштириш амалиёти жараёнида бир вақтнинг ўзида иккита давлатдан (Ўзбекистон ва Қозоғистон) бир хил турдаги пенсия олиб келаётган 78 нафар фуқаронинг пенсиялари шубҳа остига олиниб, уларга аниқлик киритиш ва ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан ҳамкорликдаги мониторинглар олиб борилди.

Soliq plus’нинг Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи Абдурашид Исмоиловга асосан ёзишича, ўтказилган тезкор солиштириш ҳамда мониторинг натижаларига кўра, бугунги кунга қадар жами 8 нафар фуқаро томонидан 294,1 млн. сўм миқдоридаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ўзлаштириб келинганлиги аниқланди.

Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи фуқаро Б.А.нинг бир вақтнинг ўзида иккита давлат (Ўзбекистон ва Қозоғистон)дан пенсия тайинлантириб, бир неча йиллардан буён пенсия олиб келаётганлиги натижасида 42,1 млн. сўм, яна шу туман фуқароси Р.Д. томонидан 5,7 млн. сўм, Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро Х.Б. томонидан 57,2 млн. сўм миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилган.

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи икки нафар фуқаролар Б.Г. ҳамда И.Э.лар томонидан жами 86,3 млн. сўм миқдоридаги Жамғарма маблағлари ноқонуний йўл билан ўзлаштирилиб, бир вақтнинг ўзида иккита давлатдан пенсия олиб келганлиги аниқланди.

Юқори Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро А.Ш. томонидан 12,7 млн. сўм ва Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро А.Р.томонидан 28,8 млн. сўм миқдоридаги Жамғарма маблағлари бир неча йиллар давомида ўзлаштириб келинган.

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Л.З. ҳам бир вақтнинг ўзида иккита давлатдан пенсия олиб келган. Унинг шу кунгача Ўзбекистон Республикасидан олиб келган 61,4 млн. сўм миқдорида ўзлаштирган пенсия пули ўрганиш давомида Жамғарма ҳисобига қайтариб ундирилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Пенсия жамғармаси амалиётида фойдаланилаётган “Пенсия” дастуридаги маълумотларга асосан икки давлатдан пенсия олиб келаётганлиги шубҳа қилинаётган 70 нафар фуқаронинг рўйхати шакллантирилган бўлиб, икки давлатнинг пенсия таъминоти бўйича масъуллари ҳамкорлигида мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда йўл қўйилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, юқорида кўрсатиб ўтилган барча ҳолатлар юзасидан тўпланган текшириш материаллари ва ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилиб, ҳозирда тергов олди ҳаракатлари билан жами ўзлаштирилган маблағларнинг 98,2 млн. сўми Жамғарма ҳисобига ундирилди.

Мавзуга оид