Жаҳон | 14:11 / 17.12.2019
76073
15 дақиқада ўқилади

Финландия мўъжизаси: ёш аёллар қандай қилиб «тахтни эгаллашгани» ҳақида

Финландиянинг янги бош вазири Санна Марин / Фото: Jussi Nukar / Reuters

Ўтган ҳафтанинг энг муҳим янгиликларидан бири Финландия бош вазири лавозимига 34 ёшли — тарихда бу лавозимни эгаллаган энг ёш сиёсатчи Санна Мариннинг тайинланиши бўлди.

Шу баҳона жаҳон жамоатчилиги финларнинг барча сиёсий партияларига ёшгина аёллар етакчилик қилишини ҳам билиб олди.

Forbes Woman нега айнан Финландия феминизм олий даражада қарор топган илк мамлакат бўлганига аниқлик киритди.

Шу кунларда Санна Мариндан интервью олиш учун жаҳоннинг 200га яқин етакчи оммавий ахборот воситалари навбатга туриб олишган. Нега? Чунки бош вазир аёл ва у 34 ёшда. Америкада Ҳиллари Клинтон бир чақнаб сўнган, Европа сиёсат майдонида эса аёллар тобора кўзга камроқ ташланмоқда.

Бироқ Финландия таажжублантира олди. Ҳукумат коалициясини ташкил этган беш партиянинг етакчилари ва асосий вазирлар — аёллар. Боз устига, уларнинг тўрт нафари ҳали 40 ёшга ҳам кирмаган. Уларнинг ичида ёши энг каттаси — Финландия халқ партиясининг 55 ёшли етакчиси, фин сиёсатида кўп йиллардан бери фаолият олиб бораётган Анна-Майя Ҳенрикссон.

Янги ҳукумат – аёллар раҳбарлигидаги бешта сўл партиядан ташкил топган. Ушбу партиялар почта ходимларининг икки ҳафталик иш ташлашидан кейин келиб чиққан сиёсий инқироз оқибатида пайдо бўлган эди.

Хўш, бу қандай юз берди? Санна Марин — популист эмас (у фин сиёсатидаги энг қадимий ва мўътадил сўл социал-демократик партияси вакили), харизматик ҳам эмас, мактаб партасидан партияга кириб олган «сиёсий бройлер» ҳам эмас, «сиёсий сулола» валиаҳди ҳам эмас. У чиндан ҳам «халқ ичидан» чиққан.

Янги фин ҳукуматини албатта, конъюнктура, «феминизм модаси», сайловчилар учун «пиар» ёки ёш аёлларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги тахминлар билан боғлаш мумкин. Лекин жавоб анча чуқурда — фин сиёсатининг тарихида ётибди.

Чапдан ўнгга: Ли Андерссон (таълим вазири), Катри Кулмуни (молия вазири), Санна Марин (бош вазир), Мария Охисало (ички ишлар вазири)
Фото: Lehtikuva / Jussi Nukari via Reuters

Дарбадар чўрилар, маънавият ва миллий юксалиш

Фин аёллари характерини кам аҳолига эга мамлакат, оғир меҳнат ва савод шакллантирган. Эркинлик сепсиз қизга ота уйидан кетиб, чўри бўлиб ишлашга изн берарди. Кўпчинча улар бойлар хонадонида 30 ёшгача ишлашган. Сепга пул йиғиб, келажагини таъминлаб, ўзидан ёшроқ эр топиб, бирин-кетин фарзанд дунёга келтирган. XIX асрда, кўп йиллик очарчиликдан сўнг кўплаб оилалар шаҳарларга кўчиб ўта бошлашган. Аёллар фабрикага ишга киришган. Илк болалар боғчаси пайдо бўлган. Бир вақтнинг ўзида миллий юксалиш юз бера бошлаган. Меҳнатсевар ва маърифатли фин аёли унинг рамзларидан бирига айланган. Илк аёл вазир – Миина Силланпяя фин ҳукуматига 1926 йилда кирган. Тўғри, шундан сўнг уруш билан бўлиб, йигирма йиллик танаффус вужудга келган эди.

Финландия 600 йил давомида Швециянинг, юз йилдан зиёд вақт Россиянинг бир қисми бўлган. 1917 йилдан сўнггина бу ерда миллий сиёсий элита пайдо бўлган. Ёш, қашшоқ аграр мамлакатда жамият синфлари ўртасидаги чегара бўш эди. Социал лифтлар тўхтаб қолмас, ишловчи ва тадбиркор аёллар кўпайиб борарди. Табиийки, улар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш устида бош қотира бошлашди.

Финландияда сиёсатга ҳеч қачон «ифлос иш», «танланганларнинг иши», деб қаралмаган, аксинча унга қизиқиш бўлган (дарвоқе, 7-10 минг евролик катта маошларни парламент депутатлари ва вазирлар олишади, маҳаллий депутатларга мажлисларда қатнашгани учун кичик компенсация тўланади, холос).

Ўтган асрнинг 70-йиллари — урбанизация, кенг миқёсли ижтимоий ислоҳотлар, технологик илғорлашув чоғида ҳукуматда 2-3 нафар аёл вазир ишлаган. Иқтисодий юксалиш юз берган 80-йилларда аёл вазирлар сони ҳукумат алмашган сари кўпая борди. Фин иқтисодиёти учун оғир бўлган 90-йилларда Финландия мудофаа вазири Элизабет Ренн, парламент спикери — Риитта Уосукайнен, ташқи ишлар вазири эса — Таря Ҳалонен эди.

Аёллар нафақат сиёсатда, бизнесда ҳам

Хорижий таҳлилчиларнинг тахминига кўра, фин сиёсатидаги гендер тенгликка йирик корхоналар директорлар кенгашида аёллар сонига мажбурий квота борлиги таъсир кўрсатади. Чиндан ҳам, Deloitte’нинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, фин менежментининг олий эшелонида аёллар улуши 31,6 фоиз ва бу борада Финландия жаҳонда 4-ўринда.

Лекин ҳеч қандай қонуний ўрнатилган квоталар йўқ, бўлмаган ва бўлмоқчи ҳам эмас. Фақат тавсиялар бор. Бу давлат тавсияси ҳам эмас. Тавсиялар жамоат уюшмалари ва тижорий ташкилотлар ассоциацияси томонидан тузилган. Уларнинг шарофати билан 2003 йилдан буён директорлар кенгашидаги аёллар сони ўсган. Боз устига, 40 ёшгача бўлган юқори звено менежерлари сони бу ёшдан катта аёлларга нисбатан сезиларли даражада кўп. Бу ҳукуматнинг асосий вазирлари ёши ва сиёсатдаги тенденцияларга тўла мос.

Ёш кадрларга нисбатан позитив муносабат шаклланишига стартаплар маданияти оммалашгани ҳам ижобий туртки берган. Гарчи фин сиёсати 70-йиллардаёқ яшара бошлаган бўлса ҳам: ўшанда эркак вазирларнинг ёши 30 ёшдан ҳам кичик бўлган пайтлар бўлган. Бунда афсонавий сиёсий қария Кекконеннинг хизматлари катта. У иқтидорли ёшларни сиёсий фаол ёки фаол эмаслигига қараб ўтирмасдан сиёсатга жалб қилган эди.

Чуқур сабаблар демографик силжишлар ва коммуникацияларнинг ўзгариши билан ҳам боғлиқ. Албатта, ёш сиёсатдонларни ҳипстер ва «инстаграмчилар» деб аташ унчалик ҳам тўғри бўлмайди – гарчи уларнинг ҳаммаси твит ёзса ҳам, молия вазири Катри Кулумни эса барча расмларини инстаграмга жойласа ҳам.

Шунчаки, 2008-2009 йиллардаги иқтисодий таназзулдан 10 йил ўтди ва Финландияда сайловчиларнинг янги тоифаси пайдо бўлди. Улар ёш, онгли фуқаролар бўлиб, ҳаёти биргина яхши таълим олиш, яхши ишда ишлаш ва ҳамма нарсага эга бўлиш билан чекланмайди. Айниқса, мактаб, гимназия ва касб техника коллежларида ўқиган аёллар кўзга ташланмоқдаки, улар учун аёлларнинг касбий ютуқлари базавий меъёрга айланиб улгурган.

Иккинчи омил ҳам бор: сиёсий жараёнларнинг ҳамма учун очиқлиги. Фин сиёсати ҳар доим халққа яқин бўлган (исталган вақт президент билан супермаркетда кўришиш ёки поездда вазирни учратиб қолиш мумкин), бироқ ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши улар билан бир онда ва тўғридан-тўғри боғланиш имконини берди. Тўсиқлар йўқолди. Мана шу тўсиқсиз, «муштарий фикрлари» доираси билан чегараланмаган ижтимоий-сиёсий муҳитдаги оммавий мулоқотлар ва сайловолди учрашувларида туриб битган популистлар ҳам, янги тўлқиндаги сиёсатчилар ҳам ўзларини намойиш эта олишди.

Бу аёллар кимлар?

1. Санна Марин, 34 ёшда

Санна Марин - Бош вазир

Ҳукумат раҳбари Санна Марин ҳақида гапирар экан, матбуот уни икки фарзанднинг онаси экани ва бир жинсли никоҳдаги оилада тарбия топганини таъкидлашни ёқтиради. У камбағал оилада ўсган, ёшлиги ижарама ижара яшашда ўтган.

У аълочи ўқувчи бўлмаган, лекин ўзини чиндан ҳам қизиқтирган нарсани яхши ўзлаштирган, сўзамол бўлган, доимо ижтимоий масалаларга қизиққан.

Матбуот ва ижтимоий тармоқдаги шарҳловчилар севадиган яна бир детал — унинг резюмесидаги кассада оддий сотувчи бўлиб ишлагани ҳақидаги қайддир.

2012 йилда Тампере шаҳар кенгашига 826 овоз билан сайланган Санна Маринни ёши каттароқ партиядош ўртоқлари қанотлари остига олишади ва номзодини шаҳар кенгаши раислигига илгари суришади. Агар сиёсатчининг салоҳияти бўлса, фин партияларида уни «чўктириш» ёки «четга суриш» одати йўқ. Фаолиятини энди бошлаган, бироқ овоз тўплашда асқотаётган сиёсатчи ҳам қимматли кадр ҳисобланади. Унга маънавий томондан ёрдам бериш билангина чекланиб қолишмайди: бундай номзодга ўз сайлов кампаниясини қисман партия ҳисобидан ўтказишга имкон яртилади.

Саннанинг номзоди шаҳар кенгаши раислигига илгари сурилгани ўзи учун ҳам, янги номларсиз қийналиб ётган партия учун ҳам яхши юриш бўлди: шаҳар кенгаши залидан жонли трансляциялар давомида унинг машҳурлиги ва оммабоплиги орта бошлади, чунки у сўзамол. Мунозараларнинг энг хити Тамперега трамвайларни қайтариш мавзуси бўлди. Саннага Тампере бургомистрлигини ҳам таклиф қила бошлашди, лекин у катта сиёсат йўлини танлади. Партия ичида эса Санна бош вазир курсиси учун яна бир ёш сиёсатчи Антти Ландтман билан курашиши қолган эди. Лекин дастлабки сўровлар ва партия ичидаги овоз бериш билан Марин ёқланди.

2. Мария Охисало, 34 ёшда

Мария Охисало - Ички ишлар вазири

Ички ишлар вазири, «яшиллар» партияси раиси Мария Охисало сиёсий рақобатчиларидан «муз малика» лақабини олган, аммо фақат ташқи кўриниши учунгина эмас. У Мариннинг «ҳамюрти» — «қашшоқ» ҳудуд ҳисобланувчи шарқий Ҳелсинкидан. Унинг отаси ичарди, бир ёшли Мария онаси билан зулм қурбонлари учун бошпанада ҳам яшаган. Натижада, у ўгай ота қўлида тарбия топган. Аъло ўқиши уни академик оламга келтирган ва профессорларнинг фарзандлари орасида аввалига ўзини бегона ҳис қилган.

Унинг сиёсатдаги тадқиқотлари ва ихтисослашуви ёшлигидан ўзига жуда яхши таниш мавзу – қашшоқлик бўлган. Сиёсий мунозараларда у «кутилмаганда қашшоққа айланиш» таҳдидини кўп қайтаради: бу индивидуалистик жамиятда жиддий дард бўлиб, руҳий ҳолат ёки бошқа фожиавий воқеа кечагина фаровонликда яшаётган инсонни ишсиз қолдириши мумкин. Ҳозир Охисало — анча таъминланган оила бекаси. Унинг эри NEOT нефть трейдерининг топ-менежери. Бу эса рақиблари уни иккиюзламачиликда айблашга ҳам асос бўлган, чунки «яшиллар» нефтга қарши бўлиши керак.

3. Ли Андерсcон, 32 ёшда

Ли Андерсcон - Таълим вазири

Шерикларининг фонида таълим вазири Ли Андерссон анча тажрибали кўринади: «Сўл иттифоқ» партиясини у 2016 йилдан буён бошқариб келади, ҳаттоки бир марта раисликка қайта сайланишга ҳам улгурган. Унинг сайланишидан олдин партия 2015 йилги сайловларни барбод қилган эди, Андрессон эса вазиятни ўнглашнинг уддасидан чиқди.

Ли Санна ва Мариядан унга «социал лифт» зарур бўлмагани билан фарқланади. Турку университетининг шведзабон зиёлилари қизи она шаҳрида швед тилида ўқиган. Сиёсат унинг оиласида доимий муҳокама мавзуси бўлган.

Ли 2011 йилда партия ёшлар ташкилотида раислик қилганидан буён матбуот кўзгусида. У ҳеч қачон рақиблари билан омма олдида талашишдан қўрқмаган. У ўзини «социалист» ҳисоблайди, марксизм асосларини ёқлайди, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳарбий мужбуриятни қўллайди ва Россия билан визасиз режимга эришиш тарафдори.

4. Катри Кулмуни, 32 ёшда

Катри Кулмуни - Молия вазири

Молия вазири Катри Кулмуни — уларнинг ичидаги ягона «қишлоқи». Албатта, шартли равишда. У чиндан ҳам шажараси 400 йилни қамраб олган фермерлар авлодидан, бироқ унинг ҳаёти Финландиянинг шимолидаги шаҳарлар билан боғлиқ.

Катри — марказчилар партияси (собиқ аграр партия)нинг инъикосидир: анъанавий, мўътадил ва «оилавий», чунки бу партияга оилавий аъзо бўлишади, овоз бериш ҳамда сиёсат билан шуғулланиш авлоддан авлодга ўтади.

Катри — «сиёсий бройлер». Унинг парвози марказчилар партияси фахрийси Пааво Вяюрюненнинг қўнғироғидан бошланган. У қизни матбуот котиби бўлиш учун чақирган ва турли кампаниялар даврида у билан мамлакат шимолини кезиб чиққан. У билан бирга Катри ҳам экранларда кўриниш берган — шу сабабли илк марта сайловда номзодини қўйганда у сайловчилар учун «ўзларники» бўлган.

 Нормал эволюцион жараён

Ушбу тўрт ёш аёлнинг барчасининг 40 ёшдан ошган сиёсатчи ҳамкасбларидан сезларли фарқи – иш ва оммавийлик моделини ўзгартиришгани бўлди. Фин ёллари анча вақт ишнинг «эркакчасига» ташкил қилинишига амал қилиб келишган, «инсонийлик» ва «оилавийлик» расмий имиж ортида қолиб кетар эди.

Барча партияларда аёл раислар авваллари ҳам бўлган, бироқ сайловчи уларни асосан «юбка кийган эркак» сифатида қабул қилишган.

Сўнгги 10 йилда аёл сиёсатчилар карьерада муваффақиятга эришиш билан боғлиқ «эркакча» моделдан воз кеча бошлашди. Аниқланишича, уларда ҳам шахсий ҳаёт, фарзандлар, руҳий жароҳатлар, орзулар ва омадсизликлар бўлар экан, улар ҳам ғалати вазиятга тушиб қолишар экан, лекин бу уларга сиёсатчи бўлишда халақит бермаслиги керак экан.

Қандайдир даражада аёллар сиёсатга оддий қурбонларни олиб келишдан бош тортиб, сиёсатни маъбудлаштиришдан воз кечишди. Шу билан бирга, улар сиёсатга ўзларининг ҳаётий тажрибаларини олиб киришди. Уларнинг барчаси 90-йилларда – жамоатчилик мўлжали йўқолган, иқтисодий таназзул йилларида, қўлида ҳокимият бўлганлар ижтимоий харажатларни қирқиш эвазига «самарали иқтисодиёт»га эришишга муккасидан кетган пайтларда улғайишган.

Янги тўлқиндаги аёл сиёсатчилар учун ҳис қилиш ва раҳмдил бўлиш уйғунлигига асосланган фикрлаш характерлидир. Бу сайловчиларда ҳам ўз қўлловини топмоқда, улар ўз тенгдошларига овоз беришга, улар билан ўз шахсий келажагини боғлашга тайёр. Чунки сенга ўхшаган ва сени нима ташвишлантираётганини тушуниб турган одамга ишониш ҳам осон-да.

Мавзуга оид