Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Нафтогаз» Россиядан товон ундиришни давом эттирмоқда
Финландия ҳукумати Украинанинг «Нафтогаз» компанияси талаби билан Россияга тегишли 3,7 миллион евро маблағни мусодара қилди. Ушбу маблағлар илгари Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги чегараолди ҳамкорлик дастури учун ажратилган эди.
Финландия расмийлари 2026 йил бошидан буён Россия томонидан молиялаштирилган чегараолди ҳамкорлик дастурига тегишли тахминан 3,7 миллион евро маблағни мусодара қилди. Бу ҳақда Yle телерадиокомпанияси мамлакат Мажбурий ижро хизмати маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, маблағлар Украина давлат компанияси «Нафтогаз» ва унинг шуъба корхоналари мурожаати асосида хатланган. Гап Россия ва Финландиянинг чегара ҳудудларида иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа маблағлари ҳақида кетмоқда.
Россия мазкур дастурга Украинага кенг кўламли босқин бошланишидан олдин 3,7 миллион евро ажратган. 2022 йилда дастур тўхтатилгач, маблағлар Финландия ҳудудида сақланиб қолган.
«Нафтогаз» Россия томонидан қўшиб олинган Қримдаги активлари учун товон пули ундиришга ҳаракат қилмоқда. 2023 йилда Ҳаага арбитраж суди Россияни компанияга 5 миллиард доллар компенсация тўлашга мажбур қилган эди. Москва бу қарорни бажаришдан бош тортгач, «Нафтогаз» турли давлатларда Россия активларини мусодара қилиш орқали маблағ ундиришга интилмоқда.
Аввалроқ ҳам Финландия «Нафтогаз» талаби билан камида 40 миллион евро қийматидаги Россия активларини хатлаган. Улар қаторида кўчмас мулк объектлари, жумладан Россия Фан ва маданият марказига тегишли ер майдонлари ва бинолар ҳам бўлган.
Россия ҳукумати эса Ҳаага арбитраж судининг мазкур иш бўйича юрисдикциясини тан олмаслигини билдириб келади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Финландия ҳаракатларини ноқонуний деб баҳолаб, Ҳельсинкини жавоб чоралари билан огоҳлантирган.
Мавзуга оид
10:30
Журналистлар: Украина урушида камида 227 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлган
08:55
Россияда бензин сотувига чекловлар кенгаймоқда
22:50 / 22.06.2026
Россияда 8 ёшли қаҳрамон Хизир Дербичевнинг жасади топилди
21:39 / 22.06.2026