19:35 / 17.12.2019
0
4367

МСК сайловга тайёргарлик жараёнида кузатилаётган камчиликларга муносабат билдирди

Шерзод Қудратхўжаев / Халқаро пресс клуб

17 декабрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Шерзод Қудратхўжаев сайловчилар рўйхатида кузатилаётган чалкашликлар, хусусан, айрим фуқароларнинг исм-шарифи ўзлари умуман бормаган, яшамаган ҳудудлардаги сайловчилар рўйхатидан чиқаётганига тўхталиб ўтди.

«Ижтимоий тармоқда кўрдикки, Сурхондарёнинг Шўрчи туманида доимий рўйхатда турган фуқаронинг исми-шарифи Узун туманидаги 733-сайлов участкаси сайловчилари рўйхатидан чиққан. Бу фуқаро умрида бу жойга бормаган экан. Бу кичкина камчиликдай кўриниши мумкин, лекин бу каби чалкашликлар, хатолар жамоатчиликнинг муҳокамаларига, ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Юртдошларимиз сайловчилар рўйхати уйма-уй юриб шакллантирилган бўлса, қаердан пайдо бўлди, деб сўрашмоқда», дея Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжаевнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Берилган маълумотларга кўра, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида эълон қилинган сайловчилар сони 20 миллион 503 минг 462 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 10 147 772 нафари эркаклар, 10 355 690 нафари аёл сайловчилардир. Сайловчиларнинг 1 721 358 нафари ёки 8,4 фоизи хорижий давлатларда тузилган 55та сайлов участкаларига бириктирилган. Қолган қисми республикамиз ҳудудидаги 10 260та сайлов участкаларидан бирида овоз бериши кутилмоқда.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси ижтимоий тармоқларда айрим депутатликка номзодларнинг плакатларидаги қўпол хатолар ҳақидаги чиқишларни, уларга нисбатан юртдошларимизнинг билдирган муносабатларини ҳам кузатиб бораётгани ва тарғибот плакатларида йўл қўйилган бундай камчиликларни кескин қоралаши маълум қилинди.

Маҳмуд Истамов

«Бу сиёсий партиялар томонидан ҳам, депутатликка номзодлар томонидан йўл қўйилган хатолик эмас, сайловчига бўлган ҳурматсизлик деб баҳолаймиз. Жорий йил сайловларига шунча катта тайёргарлик кўрилиб, уни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун бутун жамият сафарбар этилган, сайловчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданияти юксалиб, талаблари ортиб бораётган бир пайтда бир қарашда арзимас, бироқ инсонни, сайловчини кайфиятига салбий таъсир этиши мумкин бўлган бундай ҳолатларга йўл қўйилишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Бу масалада биз партиялар билан боғландик. Улар камчиликлар бартараф этилгани тўғрисида маълумот беришди. Шунга қарамасдан бу масала ижтимоий тармоқларда анча-мунча муҳокама мавзусига айланиб бўлган эди. Албатта аминманки сайловчилар сайлов куни бундай ҳолатларга йўл қўйган партия ва номзодларга нисбатан ўзининг кескин муносабатини билдиради», дейди МСК раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов.

Маҳмуд Истамов парламент сайловларида Ўзбекистон сайловлари тарихида энг кўп халқаро кузатувчи қатнашиши кутилаётгани ҳақида ҳам маълум қилди.

«Бугунгача 8та халқаро ташкилотнинг, яъни ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 274 нафар, ЕХҲТ парламентлараро ассамблеясининг 66 нафар, ШҲТнинг 19 нафар, МДҲ кузатувчилари миссияларининг 182 нафар, Туркий тилли давлатлар ҳамдўстлик кенгашининг 9 нафар ҳамда Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясининг 5 нафар, ЕТТБнинг ва Гаага конференциясининг 3 нафар, шунингдек 41та хорижий давлатларнинг 267 нафар, жами 825 нафар халқаро кузатувчи қатнашиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистон сайловлари тарихидаги рекорд кўрсаткичдир», дейди у.

Брифингда маълум қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун ўтказиладиган сайловларда 70дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан, Буюк Британиянинг BBC, Россиянинг «Россия сегодня» ва ТАСС, АҚШнинг «Bloomberg» ахборот агентликлари, Япониянинг «Nikkei», Франциянинг «Radio France International» ва «L'Opinion», Германиянинг «Neue Zeiten» нашрларининг 99 нафар журналисти қатнашади. Маҳмуд Истамовга кўра, айни пайтга келиб, халқаро ва хорижий кузатувчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш учун ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилган.

Аввалроқ МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов жойларда сайловолди ташвиқоти кўнгилдагидек олиб борилмаётгани, фуқаролар депутатликка номзодларни кўрмаётганидан шикоят қилаётганини айтган, сайловга тайёргарлик жараёнидаги камчиликларни кўрсатиб бераётган журналист ва блогерларга миннатдорчилик билдирган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top