Фан-техника | 12:45 / 18.12.2019
4918
2 дақиқада ўқилади

Facebook'нинг 29 минг ходимига оид молиявий маълумотлар ёзилган диск ўғирланди

Фото: AFP/Getty Images

Facebook бухгалтерининг машинасидан компаниянинг 29 минг нафар ходимига оид молиявий маълумотлар ёзилган қаттиқ диск ўғирланди.

Фойдаланувчиларга тегишли маълумотларга зарар етмаган. Компания ўғрининг мақсади маълумотлар эмас, қаттиқ дискларнинг ўзи бўлгани, яъни уларни қайта сотишни истаганини маълум қилган.

Bloomberg агентлигининг ички хатлар ва вакилларга манба кўрсатган ҳолда ёзишича, Facebook компанияси ходими машинасидан бир неча корпоратив қаттиқ дискларнинг ўғирланиши ҳақида маълум қилган. Машинани бузиб кириш 2019 йилнинг 17 ноябрида юз берган. Facebook дисклар ўғирланганини 20 ноябрь куни пайқаган, тергов эса 29 ноябрь куни бошланган. 

Шифрланмаган маълумот сақловчиларда ходимларнинг иш ҳақи, компенсация, бонус ва акциялари, уларнинг исмлари, банк ҳисоб рақамлари ва ижтимоий суғуртанинг сўнгги тўрт рақами сақланган. Қаттиқ дискларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига тегишли маълумотлар бўлмаган.  

Facebook ходимларга ҳодиса ҳақида 13 декабрь куни маълум қилган. Мазкур ҳолат натижасида 2018 йилда компанияда ишлаган АҚШдан бўлган, жами 29 мингга яқин ходимлар зарар кўрган. 

Ижтимоий тармоқ вакиллари Bloomberg`га ўғирланган маълумотларнинг эълон қилиниши ёки улардан фойдаланиш ҳолатлари юз бермаганини маълум қилишган. Facebook талқинига кўра, бу ижтимоий тармоқ ходимларига тегишли маълумотларни ўғирлашга интилиш эмас, оддий ўғрилик бўлган.

Маълумотларни ўғирлатиб қўйган Facebook бухгалтерига нисбатан интизомий чоралар қўлланган. Компания дисклардаги маълумотларни тиклаш учун полиция билан ҳамкорлик қиляпти. Ходимларга эса банкка ҳодиса ҳақида хабар бериш ва шахсни ўғирлаш ҳолатларидан ҳимоя қилиш хизматига икки йиллик обунани расмийлаштиришни таклиф қилган.

Мавзуга оид