Light | 20:10 / 19.12.2019
16723
2 дақиқада ўқилади

Чили қалампири юрак билан муаммоларга эга одамлар учун «идеал» маҳсулот деб аталди

“Российская газета” нашрининг хабар беришича, Чили қалампирини мунтазам истеъмол қилиш юрак хуружи хавфини 40 фоизга камайтиради. Бу борада олиб борилган тадқиқот натижалари Journal of the American College of Cardiology нашрида чоп этилган.

Буни Италиянинг Молизе вилоятида 23 минг киши иштирокида ўтказилган тажриба кўрсатган. Олимлар 8 йил давомида маҳаллий аҳолининг овқатланиши ҳақидаги маълумотларни тўплашган. Бу вақт ичида тажриба иштирокчиларидан 1236 нафари турли сабабларга кўра вафот этган.

Иштирокчилар рациони таҳлил қилингач қуйидаги хулоса чиқарилган: Чили қалампирининг ҳафтасига камида 4 марта истеъмол қилиниши юрак хуружи хавфини 40 фоизга камайтирган. Ижобий натижа рационда бошқа маҳсулотлар бор-йўқлигидан қатъи назар сақланиб қолган.

Бунда Чили қалампири доимо олдинга чиққан. Унинг рационда мавжудлиги юрак ишемик касаллиги ва цереброваскуляр касаллик (мия томирларининг торайиши бўлиб, у мияга кислород етишмаслиги ва мия функциялари бузилишига олиб келади) ривожланиши эҳтимолини камайтирган.

Мавзуга оид