Ўзбекистон | 13:36 / 19.12.2019
7587
2 дақиқада ўқилади

Экологик партия вакили: «Ўзини арқон билан дарахтга боғлаш бизнинг урф-одатларимизга ҳам, фаолиятимизга ҳам тўғри келмайди»

Фото: Халқаро пресс-клуб

Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги тадбири бўлиб ўтмоқда.

«Сайлов кампаниясини 80 куни: қандай ваъдалар берилди ва имкониятлардан қандай фойдаланилди» мавзусидаги тадбирда сиёсий партиялар, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси вакили Саидрасул Сангиновнинг сўзларига кўра, партия шу йилги сайлов кампаниясида 117та ҳудудда митинглар ташкил этди. 

Шунингдек, С. Сангинов журналист Малоҳат Йўлдошеванинг Ўзбекистон Экологик партияси вакилларига ўзларини дарахтга боғлаш бўйича таклифига муносабат билдирди.

«Журналист томонидан бизнинг партияга берилган арқон ўзини кўрсатиш ва популизмдан бошқа нарса эмас. Ўзини арқон билан дарахтга боғлаш бизнинг урф-одатларимизга ҳам, фаолиятимизга ҳам тўғри келмайди. Бундан кўра дарахтни асраш учун қонуний, ҳуқуқий ҳаракат қиламиз. Бизнинг партия бундай ҳаракатни сайлов кампаниясини таъсирчан қилиш учун ҳам қўлламайди», - дейди Саидрасул Сангинов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 16 декабрь куни Халқаро пресс клубда сиёсий партиялар иштирокида навбатдаги анжумани давомида сўзга чиққан журналист Малоҳат Йўлдошева Ўзбекистон Экологик партияси вакилларига ўзларини дарахтга боғлашларини таклиф қилганди.

«Экологик партия ташкил топганига 11 ой бўлди, сайлов кампанияси эълон қилинганига 85 кун бўлди. Беш кун вақтинглар қолди. Шунча пайтдан буён шунча дарахт кесиляпти. Лекин бирорта партия вакили чиқиб, шу кесилаётган дарахт учун мен туриб бераман деганини кўрсатмади.

Мен бугун Экологик партияга ҳамманинг олдида мана шу арқонни бераман. Мана шу арқон билан республикада кесилаётган ҳар битта дарахтга Экологик партия аъзоси ўзини боғласин», деди журналист.

Мавзуга оид