Жаҳон | 20:15 / 20.12.2019
9944
2 дақиқада ўқилади

Фазода фавқулодда вазият: NASA’нинг янги кемаси белгиланган орбитага чиқа олмади

Фото: EPA

АҚШнинг Халқаро коинот станциясига учирилган янги фазовий кемаси Starliner белгиланган орбитага чиқа олмади. Таъкидланишича, кемада двигател билан муаммолар кузатилган. 

Кема айни вақтда барқарор орбитада қолиб, Ердаги жамоа кейинги ҳаракатлар вариантларини кўриб чиқмоқда. Хьюстондаги парвозларни бошқариш маркази буйруқларига кўра кема қуёш батареялари билан Қуёш томон бурилган ва аккумуляторларини қувватламоқда. 

NASA раҳбари Жим Брайденстайн кемада двигателлар ишламаганини маълум қилган. 

“ХКС билан учрашиш учун зарур бўлган двигателлар ёқилмаган”, деб маълум қилган Брайденстайн. 

Кема бортида аёл манекен ва ХКС экипажи учун совғалар бор.  

Янги фазовий кема Boeing компанияси томонидан ишлаб чиқилган. У 13 тонна оғирликка эга ва 7 фазогирдан иборат экипаж учун мўлжалланган. Кема 60 соат давомида автоном парвозни амалга ошира олади. У 20 декабрда Канаверал бурнидаги авиабазадан Atlas ракета-ташувчиси ёрдамида ХКС томон учирилди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид