Жаҳон | 22:00 / 22.12.2019
27709
3 дақиқада ўқилади

Польша ТИВ Путиннинг иккинчи жаҳон уруши бошланиши сабаблари ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди

Варшавадагиларнинг фикрича, уруш ҳақида сўзлай туриб Россия ҳукумати воқеаларнинг асл манзарасини бузиб кўрсатувчи Сталин даврининг «пропаганда мурожаатномалари»дан фойдаланмоқда.

Россия ҳукумати вакилларининг Иккинчи жаҳон уруши сабаблари ва унинг бориши ҳақидаги баёнотлари «воқеаларнинг нотўғри манзарасини ифодалайди». Польша Ташқи ишлар вазирлиги хабарида РФ президенти Владимир Путиннинг поляклар ҳукумати ўз мамлакатининг қуролли кучларини бошқара олмай қолганидан сўнг совет қўшинлари мамлакатга киришгани ҳақидаги сўзларига шарҳ берилди.

Вазирлик баёнотига кўра, Путиннинг сўзлари «поляк ва рус экспертларининг биргаликдаги ишларини барбод қилади», шунингдек «ҳақиқат йўлини топиб поляк-рус муносабатларида ярашувга эришишга уринган» аввалги раҳбарлар — Михаил Горбачёв ва Борис Ельциннинг саъй-ҳаракатларини йўққа чиқаради.

Варшавадагиларнинг фикрича, Россия ҳукумати «Сталин тоталитаризми давридаги пропаганда мурожаатномалари»дан фойдаланмоқда, ҳолбуки уни СССРнинг раҳбарларидан бири Никита Хрушчёв ҳам танқид остига олган эди.

Польша 1918 йилда мустақилликка эришгач, Германия ва СССРга нисбатан мувозанатлашган сиёсат юритишга интилиб келган, деб қайд этади вазирлик. Шунга қарамасдан, «Нацистлар Германияси билан ҳаракатларини мувофиқлаштирган» совет иттифоқи «уруш очишга йўналтирилган тўғридан-тўғри қадамларни босган».

Польша томони икки давлатнинг унинг ҳудудига бостириб киришига Германия ва СССР ўртасида 1939 йилда имзоланган Молотов-Риббентроп пакти ҳамда ушбу ҳужжатга илова қилинган «Шарқий Европани немис ва совет таъсир доираси бўйича бўлиб олишга қаратилган» махфий далолатнома сабаб бўлган, дейди. Вазирлик баёнотига кўра, Польша ҳудудининг 52 фоизи совет оккупацияси остида бўлган. Идора тарихчиларнинг ҳисоб-китобларига ҳавола қилиб, 1939-1944 йиллардаги совет репрессияси остида 566 минг поляк қурбон бўлганини айтади.

Вазирликнинг фикрича, Россия томонидан Сталин қатағонлари қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо айлаш «пропаганда ўрнига тарихга ҳаққоний ва танқидий назар ташлаш» имконини беради.

Польша миллий хотира институти Молтов-Риббентроп пактини Иккинчи жаҳон уруши бошланишига шарт-шароит яратиш, деб баҳолайди. Идорадагилар СССР ва Германия «озод миллатларни қул қилиб, Москва ва Берлиндаги тоталитар режимларга бўйсундириш бўйича империяча маҳв этиш сиёсатига тайёргарлик кўришгани»ни таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, 19 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин ўзининг катта матбуот анжуманида совет қўшинлари Польшага бу мамлакат ҳукумати «поляк-румин чегараси яқинида бўлган чоғда» бостириб киргани ва «бу мавзуда музокара ўтказадиган одамнинг ўзи бўлмагани»ни айтиб ўтган. Путиннинг сўзларига кўра, СССР Германия билан ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида ҳужжат имзолаган сўнгги давлат бўлган. Махфий далолатнома ҳақида гапирар экан, Путин Польшанинг ўзи ҳам «Чехословакияни бўлишда иштирок этгани» ва унинг иккита туманни ўз таркибига қўшиб олганини айтиб ўтган.

Мавзуга оид