Ўзбекистон | 16:20 / 22.12.2019
2398
2 дақиқада ўқилади

«Сайлов жараёнини ўзгартирадиган жиддий киберҳужумлар бўлмади» - Вазир

Бугун, 22 декабрь куни, халқаро матбуот марказида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовнинг сайлов жараёнларининг ахборот таъминоти билан таъминлангани даражаси ҳақидаги ҳисоботи тингланди.

«Барча 6720та сайлов округлари ва 10260та сайлов участкалари интернет тармоғига уланди. Мавжуд телекоммуникация тармоғи орқали интернет хизматлари билан таъминлашнинг техник имкони бўлмаган олис ва тоғли ҳудудлардаги 30га яқин сайлов объектлари йўлдошли алоқа тизими орқали интернетга уланди.

Сайлов жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштиришни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими saylov.gov.uz манзили бўйича жойлаштирилди. Бугун соат 15:00даги маълумотга кўра, сайт тизимига сайлов жараёнларини ўзгартирадиган жиддий киберҳужумлар бўлмади.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини тўлақонли ишлашини таъминлаш мақсадида шакллантирилган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида сайлов ёшидаги 20,5 млн. дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролар киритилди», дея Содиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўшимча қилинишича, мазкур ахборот тизимда жами 6720та Олий Мажлис, вилоят ва туман (шаҳар) сайлов округлари, 10260та сайлов участкалари ҳамда 170313та участка сайлов комиссияларининг аъзолари тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар жамланган. Республика бўйича жами 35 мингдан ортиқ округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, операторлари ҳамда сиёсий партиялар аъзоларининг Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича кўникмалари оширилди.

Синов тариқасида 20та сайлов участкаларда фуқаролар биометрик паспорти маълумотларини идентификация қилиш қурилмалари ҳам қўлланмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид