Жаҳон | 10:21
554
2 дақиқада ўқилади

Deutsche Bahn концерни кенг кўламли киберҳужумдан жабр кўрди

Deutsche Bahn’нинг сайти ва иловалари тўлқинсимон DDoS-ҳужумга учради. Компания маълум қилишича, ҳужум 17 февралда бошланган ва кейинги куни ҳам давом этган.

Фото: Bild

Германиянинг темирйўл концерни Deutsche Bahn (DB)га кенг кўламли киберҳужум қилинди, у кўп соатлар давомида чипта брон қилиш ва ахборот тақдим этиш тизимларининг ишини издан чиқарди. «Зарар кўлами сезиларли», — деб хабар қилди DB чоршанба куни, 18 февралда.

Компаниянинг IT-инфратузилмасидаги узилишлар бир кун олдин кундузи бошланган ва DB Navigator иловасига ҳам, Deutsche Bahn сайтига ҳам таъсир қилган. 17 феврал кечқурун компания тизимлар «асосан барқарор» эканини билдирган, аммо эртаси тонгда янги носозликлар бошланган. Кейинроқ DB барча тизимлар яна меъёрий тарзда ишлаяпти, дея ишонтирди.

«Ҳозирги ҳужум айнан Deutsche Bahn’га қаратилган ва тўлқинсимон тарзда амалга оширилган», — деб таъкидлади компания. DB маълумотига кўра, гап шундай аталадиган DDoS-ҳужум ҳақида кетмоқда: бунда IT-тизимларга жуда кўп сонли сўровлар юборилиб, катта юклама ҳосил қилинади, натижада тизимлар ортиқча юкланиб, ишда узилишлар ва носозликлар пайдо бўлади.

Федерал ахборот хавфсизлиги идораси (BSI) раҳбари Клаудия Платтнер маълум қилишича, Deutsche Bahn’га қилинган DDoS-ҳужум вақтида унинг IT-тизимлари бир дақиқада миллиардлаб сўровларни қабул қилган, бу эса серверларни фалаж қилган.

Компаниядаги манбалар Bild газетасига айтишича, бир неча кун давом этган DDoS-ҳужум «ўта мувофиқлаштирилган» бўлиб, «рақамли қамал»ни эслатган. Уларнинг тахминича, ҳужумга Россия ҳакерлари алоқадор бўлиши мумкин. Бироқ Россия изи ҳақидаги маълумот расман тасдиқланмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид