Жаҳон | 08:26 / 05.02.2026
1607
3 дақиқада ўқилади

Қишки Олимпиада: Италия Россия киберҳужумларини қайтарганини маълум қилди

Италия киберхавфсизлик кучлари мамлакат ТИВнинг бир нечта сайтлари ҳамда Олимпиадага боғлиқ объектларга қаратилган ҳужумларнинг олдини олди. Бу ҳақда Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни маълум қилди, у ҳужумларни Россия билан боғлади.

Антонио Таяни Фото: Dursun Aydemir/Anadolu

Италия бир қатор киберҳужумларни бартараф этди: ҳужумлар мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг айрим идоралари сайтларига, жумладан Вашингтондаги офис сайтига, шунингдек Қишки Олимпия ўйинлари билан боғлиқ сайтлар ва Кортина-д’Ампеццодаги меҳмонхоналар сайтларига қаратилган. Бу ҳақда Италия ТИВ раҳбари Антонио Таяни чоршанба куни, 4 февралда Миландаги “Сан-Сиро” стадионида Олимпиаданинг очилиш маросими бўлиб ўтишига икки кун қолганда маълум қилди.

АҚШ пойтахтига йўл олганида журналистлар билан суҳбатда Таяни бузиб киришга уринишлар “Россиядан амалга оширилганини” айтди, бироқ қўшимча тафсилот келтирмади. Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ушбу мавзуда мақола эълон қилинган пайтгача изоҳ бермади.

Шу орада Италиядаги киберҳужумлар учун жавобгарликни Россия билан боғлиқ бўлган Noname057 ҳакерлар гуруҳи ўз зиммасига олди. “Италия ҳукуматининг украин йўналиши шунга олиб келадики, украин террористларини қўллаб-қувватлаш бизнинг DDoS-ҳужумларимиз билан жазоланади”, — деб келтиради AFP агентлиги немис тилида ушбу гуруҳ билан боғлиқ деб ҳисобланадиган Telegram-каналда эълон қилинган баёнотни.

Шу — 4 февралда Италия ички ишлар вазири Маттео Пянтедози парламентда чиқиш қилиб, Олимпиада объектлари хавфсизлигини таъминлаш учун (Миландан то Доломит Алпларигача) унинг идорасидан 6000 нафар ходим жалб этилишини маълум қилди. Улар орасида снайперлар, бомба зарарсизлантириш бўйича мутахассислар ва терроризмга қарши кураш бўлинмалари ҳам бор.

Бундан олдин, 3 февралда Италия полицияси 26 январдан бери Олимпиадага боғлиқ сайтларни ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган махсус киберхавфсизлик бўлинмаси ишлаётганини билдирган эди. Унинг мақсади — “муҳим аҳамиятга эга инфратузилмани ҳимоя қилиш ва эҳтимолий террористик таҳдидларнинг олдини олиш”.

Украинада давом этаётган уруш сабабли Россия ва Беларус давлат даражасида 6–22 феврал кунлари Милан ва Кортина-д’Ампеццода ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида иштирок этишдан четлатилган. Бироқ ҳар икки мамлакат спортчиларига мусобақаларда нейтрал мақомда иштирок этишга рухсат берилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид