Жамият | 15:33 / 23.12.2019
18300
2 дақиқада ўқилади

Бухорода ўзини ДХХ ходими деб таништирган шахс ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди

Иллюстратив фото

Ғиждувон тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Ғиждувон тумани Буктарой маҳалласида рўйхатда туриб, Бухоро шаҳар Газли шоҳ кўчасидаги хонадонлардан бирида вақтинча яшовчи, 1992 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган фуқаро С.Ў. 2019 йил август ойи бошларида ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида фуқаро С.Ш.нинг ишончига кириб, унга ўзини ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходими деб таништиргани аниқланди.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, у С.Ш.га 500 АҚШ доллари эвазига Қоракўл туманидаги “Қандим” заводига ишга киритишини ваъда қилиб, Бухоро шаҳридаги “Чевар” маиший хизмат уйи олдида 500 АҚШ долларини қўлга киритиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган ҳолда фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шунингдек, фуқаро С.Ў. ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 2019 йил ноябрь ойи бошларида фуқаро У.Ш.нинг ишончига кириб, унга ҳам ўзини ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходими деб таништириб, 500 АҚШ доллари эвазига Қоракўл туманидаги “Қандим” заводига ишга киритишини ваъда қилиб, алдаб, ишончини суиистеъмол қилган ҳолда 400 АҚШ доллари, худди шу тарзда фуқаро У.Қ.дан 2.850.000 сўм нақд пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ўтказилган тадбир давомида фуқаро С.Ў. ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ундан ДХХ ёзувли сохта гувоҳнома, фуқароларнинг паспорт нусхалари ҳужжатлаштириб олинган. Дастлабки маълумотларга кўра С.Ў.нинг фирибгарлиги қурбонига айланганлар сони 10 нафардан ортиши тахмин қилинмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.Ў.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси тегишли қисм ва бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПК 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид