Ўзбекистон | 17:10 / 23.12.2019
19584
2 дақиқада ўқилади

«Инсон омилини камайтириш вақти келди» — МСК раиси сайлов натижалари кеч эълон қилингани ҳақида

Бугун, 23 декабрь куни Халқаро матбуот марказида парламент сайлови натижалари эълон қилинди. Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов сайлов жараёнларини ўтказиш бўйича йўл қўйилган камчиликлар, қонун бузилиш ҳолатлари ва сайлов натижалари нега кеч эълон қилингани ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.

«Тўғри, сайлов натижалари 18 соат ўтиб эълон қилинди. Албатта, бу жудаям узоқ муддат. Агар биз сайлов жараёнларига ахборот-коммуникацияларини тўлиқ киритсак, бирданига натижаларни қўлга киритиш имкониятига эга бўламиз. Бу жараёнга кириб келяпмиз. Мана, бу йил 60та сайлов участкаси энг сўнгги ахборот технологиялари билан таъминланди. Шунинг натижасида бу ҳудудларда ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари кузатилмади. Қолган участкаларни ҳам шундай таъминлашимиз керак.

Сайловда овозларни санаб чиқиш ва ундан кейинги ҳужжатларни юритишда ва натижаларни марказга етказиб беришда муаммоларимиз борлигини аниқладик. Буни қандай ҳал қиламиз? Фикримча, инсон омилини камайтириш вақти келди. Шундай қилинса ғирромликлар ҳам камаяди. Тез орада ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш зарур. Бунинг учун биринчи навбатда, етарли маблағ талаб қилинади. Ҳозир шу жараёнга мослашув давридамиз. Кейинги сайловларда бу масала тўлиқ ҳал қилинади. Шундай бўлиши керакки, участкалардаги натижалар тезлик билан марказий сайлов комиссияси сайтига етиб келиши керак. Маълумот бизга 10-20 дақиқада етиб келиши керак», дейди Мирзо-Улуғбек Абдусаломов.

Унинг қўшимча қилишича, электрон овоз бериш амалиётини жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид