Сенат ялпи мажлисида Мирзо-Улуғбек Элчиевич Абдусаломов Ўзбекистон Конституциявий судининг судяси этиб қайта сайланди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов 1952 йилда туғилган, Тошкент давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги – ҳуқуқшунос, юридик фанлар номзоди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.

У 1995–2004 йиллар мобайнида Олий хўжалик суди раиси, 2004–2005 йилларда Конституциявий суд раиси лавозимларида ишлаган, 2005 йил 7 майидан 2021 йил 5 февралига қадар Марказий сайлов комиссияси раиси лавозимида фаолият юритган.

Абдусаломов 2021 йил февралидан буён Конституциявий суд судяси лавозимида ишлаб келаётганди.

Маълумот учун, 2024 йил январида Конституциявий суди тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, Конституциявий суд судялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йиллик муддатга сайланади. Илгари биринчи марта 5 йилга, иккинчи марта 10 йилга сайланган.