Light | 02:22 / 24.12.2019
52927
6 дақиқада ўқилади

Ишдаги ишқ ва миллиардлик зарарлар: 2019 йилда қайси компаниялар раҳбарлари лавозимини тарк этди?

Ҳозирда Америкадаги йирик компаниялар бош директорларининг қарийб 40 фоизи ўз лавозимида бир йилдан беш йилгача ишламоқда. 2019 йилнинг 11 ойи ичида 1480 нафар раҳбар лавозимини тарк этди. Forbes дунёнинг йирик компанияларидаги энг шов-шувли истеъфоларни танлаб олди.

Гейша Уильямс, PG&E раҳбари

Фото: Getty Images

Гейша Уильямс компанияда атиги 22 ой ишлаганидан сўнг 13 январь куни истеъфога чиқди. Бунга энергетика компанияси кейинги икки йилдаги 17 та йирик ўрмон ёнғини билан боғлиқ 30 млрд долларлик жаримага тортилиши эҳтимоли сабаб бўлди.

 

Спенсер Раскофф, Zillow раҳбари

Фото: Getty Images

Спенсер Раскофф Zillow ташкил этилганидан 15 йил ўтиб, 21 февралда истеъфога чиқди. Кўчмас мулк сотувига ихтисослашган платформа уйлар сотуви тўғрисидаги эълонлар ўрнига уйларни қайта сотиш тўғрисидаги эълонларни чоп этишга урингандан кейин унинг акциялари баҳоси кескин – ўтган йилгига нисбатан 25 фоиздан ортиқроққа тушиб кетди.

 

Тимоти Слоун, Wells Fargo раҳбари

Фото: Getty Images

Wells Fargo раҳбарлигига тайинланганидан уч йилдан камроқ вақт ўтганидан сўнг Тимоти Слоун кутилмаганда 28 март куни лавозимини тарк этди. Компанияда 31 йил ишлаган Слоун бажариб бўлмас вазифага дуч келди. Федерал органлар ходимлар сотув бўйича режани бажариш учун беш йил давомида мижозлар розилигисиз 565 мингта кредит картага ариза беришгани ва 1,5 миллионта банк ҳисоб рақамларини очишганини аниқлаганидан сўнг компания обрўси тиклаб бўлмайдиган аҳволга келди.

 

Бернардо Хис, Kraft Heinz раҳбари

Фото: Getty Images

22 апрелда олти йилдан буён Kraft Heinz бош директори бўлиб ишлаб келаётган Бернардо Хис лавозимидан бўшатилганидан хабардор қилинди. Бунинг сабаби, озиқ-овқат гиганти истеъмолчиларнинг ўзгариб бораётган талабларини қондириши борган сари қийин бўлмоқда. Ўтган йили компания акциялари 45 фоизга тушиб кетди.

 

Стивен Темарес, Bed, Bath & Beyond раҳбари

Фото: Getty Images

Bed, Bath & Beyond  бош директорлиги курсисида 16 йил ўтирган Стивен Тамарес инвесторларнинг бир неча ойлик босимларидан сўнг 13 май куни лавозимини тарк этди. Кейинги йилларда ретейлер Amazon ва Walmart компаниялари билан рақобатлашишга уринмоқда, аммо 2015 йилдан бери унинг акциялари 80 фоизга тушиб кетди.

 

Стив Нельсон, UnitedHealthcare раҳбари

Фото: UnitedHealthcare

28 июнда UnitedHealthcare бош директори Стив Нельсон истеъфога чиқишини эълон қилди. У компанияда 15 йил ишлади, шундан сўнгги икки йилини раҳбарлик курсисида ўтказди.

 

Бьорн Кьос, Norwegian Air раҳбари

Фото: Getty Images

Бьорн Кьос 11 июлда, Norwegian Air авиакомпаниясига асос солганидан 26 йил ўтгач тарк этди. Собиқ қирувчи-учувчи Norwegian Air’ни Европадаги энг йирик бюджет авиаташувчиларидан бирига айлантирди, аммо ҳар ненинг ниҳояси бор: компаниянинг қарзлари 380 млн долларни ташкил этади.

 

Жон Флинт, HSBC раҳбари

Фото: Getty Images

Жон Флинт HSBC раҳбари лавозимига тайинланганида директорлар кенгаши уни ишончли номзод деб ҳисоблаганди, аммо бир ярим йилдан кейин, 5 августда у лавозимидан бўшатилди. Директорлар кенгаши раиси Марк Такер ўзгариб бораётган глобал муҳитнинг янги имкониятларидан фойдаланиш учун банкка ўзгаришлар кераклигини айтди.

 

Адам Нойманн, WeWork раҳбари

Фото: Getty Images

Биржага чиқишга тайёргарлик WeWork бош директори Адам Нойманн учун интиҳонинг ибтидоси бўлди. Чунки АҚШ назорат органларига топширилган S-1 шаклида 2016 йилдан буён кўрилаётган миллиардлаб долларлик зарарлар акс этганди. Шунингдек, Нойманн We сўзини савдо белгиси сифатида рўйхатдан ўтказгани ва ўз компаниясига 5,9 млрд долларга сотгани маълум бўлди. 24 сентябрда Нойманн 9 йил аввал ўзи асос солган компанияни тарк этишга мажбур бўлди.

 

Кевин Планк, Under Armour раҳбари

Фото: Getty Images

Кевин Планк 22 октябрь куни 2019 йил охирида Under Armour бош директорлигини тарк этишини эълон қилди. У компанияга 1996 йилда асос солган бўлиб, уни 5 млрд долларлик брендга айлантирди. Аммо кейинги вақтларда ўсиш секинлашди ва 2017 йилда Under Armour илк бор чораклик зарар тўғрисида маълум қилди.  

 

Стив Истербрук, McDonald's раҳбари

Фото: Getty Images

Ички суриштирув натижасида Стив Истербрук корпоратив ахлоқ кодексини бузгани аниқланганидан сўнг у McDonald’s бош директорлигидан бўшатилди. У ходималардан бири билан ишқий алоқа ўрнатгани маълум бўлди. Истербрук компанияга 2015 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган, Uber Eats ва DoorDash билан ҳамкорлик келишувига эришган ҳамда компания акциялари қийматини икки бараварга оширганди.

 

Ларри Пейж, Alphabet раҳбари

Фото: Getty Images

3 декабрда эълон қилинган очиқ хатида Alphabet (Google компанияси эгаси) ижрочи директори Ларри Пейж ва компания президенти Сергей Брин кетишлари ҳақида эълон қилишди. «Агарда компания инсон бўлганида, у 21 ёшга тўлган ва уйини тарк этиши керак бўларди. Энди фахрли ота-оналар ўрнини эгаллашимиз вақти келди», — деб ёзди улар.

Мавзуга оид