Иқтисодиёт | 15:00 / 24.12.2019
2754
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун 50 млн доллар ажратади — Инновацион ривожланиш вазирлиги

Бугун, 24 декабрь куни «Тараққиёт стратегияси» марказида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацион ғояларни ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш» мавзусида брифинг ўтказилди. Унда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, вазирнинг халқаро маслаҳатчиси Ербол Сулейменов ҳамда бошқарма бошлиғи Жамолиддин Бобохонов йиғилганларга мавзу юзасидан маълумот беришди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ 43та инновацион ишланмаларга қўшимча равишда 69та ишланма тижоратлаштириш учун саралаб олинган ва тижоратлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. 

Вазирлик мутасаддиларининг маълумотига кўра, бугунги кунда 102та инновацион ишланмалар тижоратлаштирилмоқда. Олиб борилган ишлар натижасида умумий қиймати 35,4 млрд сўм миқдорида маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 29,57 млрд сўмлик маҳсулот реализация қилинган.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳозирга қадар «start-up» лойиҳаларни ўз-ўзини қоплаш асосида молиялаштириш учун икки марта танлов ўтказилган. Танлов натижаларига кўра, жами 32та лойиҳа саралаб олиниб, уларга 29,2 млрд сўм пул маблағлари йўналтирилган.

Биринчи танловга жами 172та лойиҳалар тақдим этилган. Танлов натижаларига кўра Илмий-техник кенгаш қарорига асосан жами 16та лойиҳани молиялаштиришга 13,9 млрд сўм йўналтирилади. Иккинчи танлов бўйича эса жами 136та лойиҳа онлайн рўйхатдан ўтказилган. Танлов натижаларига кўра 16та қиймати 15,3 млрд сўмлик «start-up» лойиҳалар молиялаштиришга тавсия этилди.

Инновацион ривожланиш вазирининг халқаро маслаҳатчиси Сулейменов Ерболнинг сўзларига кўра, бу ишларни давом эттириш мақсадида вазирлик Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича концепция лойиҳасини тайёрламоқда. Жаҳон банки Директорлар кенгаши томонидан тасдиқланганидан сўнг 2020 йилда мазкур лойиҳани молиялаштириш учун тахминан 50 млн АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ажратилиши режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа амалий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, тадқиқотларнинг сифат ва долзарблик жиҳатдан юқори даражада бўлишига хизмат қилади. Бунда илмий тадқиқот ишлари техник жиҳатдан мукаммал ва тижоратлаштириш имкониятига эга бўлиши талаб этилади. Яъни илм-фан ва саноат ҳамкорлигини ўзида мужассам этувчи ишланмаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Лойиҳа доирасида ўзбекистонлик олимлар ва ёш тадқиқотчилар иштирокида халқаро стандартларга жавоб берадиган амалий тадқиқотларни молиялаштириш учун грантлар, шунингдек, талаба ва олимлар учун хорижда ўқиш ёки тадқиқот олиб бориш учун стипендиялар тақдим этилиши режалаштирилган. Танловларда иштирок этиш учун юбориладиган аризалар тадқиқотнинг илмий қиймати, долзарблиги, етакчи халқаро илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар ўтказиш салоҳияти ва имкониятларига эътибор қаратилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид