Бугун, 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Олий суд Пленумининг “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”, “Судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида” ва “Апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.

Пленум мажлисида муҳокама этилган “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарор лойиҳаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг қабул қилиниши, шунингдек, судлар томонидан қонун нормаларини бир хил ва тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Пленум мажлисида муҳокама этилган “Судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан судларга қонуний кучга кирган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари, апелляция ва кассация инстанция судларининг ажримлари, назорат инстанциясининг ажрим ва қарорлари янги очилган ҳолатлар бўйича ушбу суд қарорини қабул қилган суд томонидан қайта кўриш мумкинлиги тушунтирилмоқда. Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли моддаси мазмунига кўра, иш мазмунан ҳал этилмайдиган биринчи инстанция, апелляция ва кассация инстанцияси судларининг ажримлари, назорат инстанциясининг ажрим ва қарорлари, фақатгина улар ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган ҳолларда янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилиши мумкин. Апелляция, кассация, назорат инстанцияси судлари ўзлари томонидан чиқарилган суд ҳужжатларини улар томонидан қуйи инстанция судининг ҳужжати ўзгартирилган ёхуд янги ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, қайта кўришга ҳақли. Ишда иштирок этган шахслар, шунингдек, бошқа шахслар, агар суд ҳужжатлари билан уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала ҳал қилинган бўлса, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


















