Light | 20:51 / 24.12.2019
46875
6 дақиқада ўқилади

Ўрганишни ўрганинг: Қанча ўқиса ҳам янги билим ололмасликнинг 4 сабаби

Шунчаки дарсликни ўқиш етарли эмас.

Ҳаммаси равшандек кўринади: маълумотлар тайёр, уларни ўқийсиз-у, янги билим ва малакага эга бўласиз. Айниқса ўқув қуроллари — китоб, машғулот, онлайн сервислар етишмаслигидан шикоят қилишга ҳожат йўқ. Аммо кўпинча шундай бўладики, биз гигабайтлаб маълумот оламиз ва кўп куч, пул ва вақт сарфлаймиз-у, аммо кўпи билан юзаки билимнигина эгаллай оламиз. Қуйида бунинг сабаблари ва ечимлари ҳақида маълумот берамиз.

1. Сиз билимларингизни амалиётда қўлламайсиз

Мактаб ва олий ўқув юртида шундай ўқитишган: янги билимни эгаллаш учун бир даста дарсликни шунчаки синчиклаб кўздан кўчириш керак холос, кейин эса ўтилган материаллар асосида назорат иши ёзилади. Ҳа, албатта, тушуниб-тушунмасдан ёдлашдан ташқари лаборатория машғулотлари, амалий дарслар ҳам ўтказилади. Аммо ўқиш жараёнида уларнинг ўрни назария ва тестларга нисбатан анча кам бўлади.

Натижада бизга туйиладики, билим олиш дегани фақатгина дарсликни диққат билан ўқиш-у, нима ёзилган бўлса ёдлашдан иборатдек.

Ваҳоланки, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида психолог Бенжамин Блум бутун дунё бўйлаб ўқув дастурларини ишлаб чиқишда кўп йиллардан бери қўллаб келинаётган педагогик мақсадларни таснифлаб чиққан эди. Олим билимни олти даражага бўлади, уларнинг энг қуйи поғонасини эса айнан мактаб ва олийгоҳларда энг кўп вақт ажратиладиган одатий ёдаки билим эгаллаган.

Ҳа, усиз иложи йўқ, ёдаки билим ҳар қандай ўрганиш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади. Аммо маълумотни чуқур таҳлил қилиш, амалиётда қўллаш ва унинг асосида янгилик ташкил қилиш малакаси шаклланмаса, олинган билим бефойда ўрганилган фактлар йиғиндисидан нарига ўтмайди. Баъзида эса бутунлай унутилади.

2. Сиз таълим олишни ўйинга айлантиришни истайсиз

Ҳозир «эдьютеймент» (education + entertainment) урфга айланган, яъни ўз ичига ҳам ўқишни ҳам кўнгил очишни олган ўқитиш усули. Ўқишнинг зерикарли усулларидан чарчаган одамлар чет тилини фильм ва подкастлар орқали ўрганиш имкониятидан фойдаланишни исташмоқда.

Албатта, илова дўконларида болалар ва катталар учун мўлжалланган хизматлар тез суръатларда кўпайиб кетди, улар бизнинг нимадир янги нарсани осонликча ва ўйинқароқлик билан ўрганишимизни ваъда қилади. Сурат ва қисқа видеолар томоша қиламиз, содда ва қизиқарли вазифаларни бажарамиз, дам оламиз ва бошқа фойдаланувчилар билан суҳбат қурамиз. 

Буларнинг барчаси жуда ажойиб, аммо муаммо шундаки, ўйин билан ўқитиш бўйича илмий ишлар, айниқса ушбу концепциядан фойдаланадиган махсус дастурлар ҳозирча жуда кам.

Ўқитувчилар ва психологлар ҳақиқатан ҳам бу турдаги норасмий таълим самарали эканига ишонадилар. Ҳеч бўлмаганда у ижобий ҳис-туйғуларни уйғотади ва талабаларнинг қизиқишини узоқ вақт сақлаб тура олади. 

Аммо жиддий билимни эгаллаш чоғида ўйин, хизмат ва тажрибаларни кучли пойдевор яратишга ёрдам берадиган анъанавий усуллар билан уйғунлаштириш керак.
Масалан, фақатгина дастур ёрдамида чет тилини ўрганишингиз даргумон. Ҳаттоки, акс таъсир ҳам вужудга келиши мумкин. Ҳеч қандай янги билим олмай, ўйинлар ва қизиқарли топшириқларга кўп вақт ва пул сарфлаш хавфи мавжуд.

Лекин дастурни манбалардан бири сифатида ишлатишнинг зарари йўқ. Гарчи, эҳтимол бир кун келиб ҳолат ўзгарар ва тажрибали ўқитувчилар дастурчилар билан биргаликда деярли ҳеч қандай куч сарфламасдан янги билим эгаллашимизга ёрдам берадиган хизматни таклиф қилишар.    

3. Сиз номуносиб дарслик танлайсиз

Ҳамма дарслик ва курслар ҳам бирдек фойдали эмас. Ҳозирги кунда «билим бозори»да фақатгина профессионаллар ишлаяпти деб бўлмайди. Ҳар иккинчи машҳур блогер — ваҳоланки, унинг ёши 15да бўлса ҳам — ўзининг интернет-маркетинг ёки дизайн каби машҳур мавзулардаги курси ёки guide яъни йўл-йўриқларни эълон қилиб боради.

Бироқ агар сиз тўлиқ маълумотли маҳсулотни сотиб олсангиз ёки бирор шубҳали мактабга ёзилсангиз, сифатли билимга эга бўлмайсиз ва шунчаки пулингизни беҳуда сарф қиласиз. Шунинг учун қўлланма ёки курсни танлашдан олдин уларнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларидаги шарҳларни ўқинг ҳамда унинг муаллифлари ҳақида маълумотлар билан танишинг. 

Уларнинг ўзлари ўқитиладиган мавзуни яхши билишлари шарт. 

Ва бу баландпарвоз сўзлар билан эмас, балки дипломлар, сертификатлар ва иш тажрибаси билан тасдиқланади. Бундан ташқари, маълумот яқин кунларга оид бўлиши керак. Шу сабабли, 50 йил олдин ёзилган қўлланмалар замонавий курсларга қараганда сизга камроқ фойда келтиради. Албатта, фундаментал янгиланишларга эга бўлиши мумкин бўлмаган фанни, масалан, анатомияни ўрганмоқчи бўлмасангиз, шуни маслаҳат бера оламиз.

4. Сиз ўрганишнинг фақат битта усулига эътибор қаратасиз

Калифорния университети профессори, нейробиолог Терренс Сейновски ўзининг машҳур «Ўрганишни ўрганинг» курсида муваффақиятли билим олишнинг асосий тамойиллари тўғрисида гапиради. Унинг сўзларига кўра, турли ўқув қуроллари ва техникалари ўртасида алмашиниш бизнинг миямиз учун, масалан, дарсликни ёдаки сайраб беришдан кўра фойдалироқдир. 

Турли ёндашувларни алмаштириш орқали биз мияга нерв алоқаларини кучайтиришга ва олинган билимларни мустаҳкамлашга ёрдам берамиз. 

Шундай қилиб, мавжуд барча манбалардан фойдаланинг: китоб ўқинг, видеолар томоша қилинг, тест ечинг, тажриба ўтказинг, иншолар ёзинг ва албатта билимингизни амалда қўлланг.

Мавзуга оид