Бугун Ўзбекистон болалари ўз келажагини яхши қуриш учун репетиторга боришга мажбур. Бусиз улар президент мактабига ҳам, сифатли олийгоҳга ҳам кира олмайди. Хўш, нега шундай бўлиб қолди? Келгусида бизни қандай оқибатлар кутаётган бўлиши мумкин?

Ўзбекистон бўйлаб айниқса шаҳарларда ўқувчиларнинг мактабдан ташқари пуллик таълим хизматлари, яъни репетиторларга бориши жуда оммалашган. Жуда кўп ота-оналар фарзандларини математика, кимё, биология каби фанлар ёки тил дарсларига беришади. Айниқса, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига репетиторсиз кира олиши мифга айлангандек.

Хўш, аслида бундай таълим хизматларига нима учун эҳтиёж пайдо бўлади? Унинг мамлакат ва жамиятга манфаатли ёки зарар томонлари нимада? Kun.uz мавзуни таҳлил қилиш учун таълим соҳаси вакиллари – педагог Шокир Турсунов, тадбиркор ва бир қанча ўқув марказлари асосчиси Умиджон Ишмуҳаммедов, ҳам ўқитувчи, ҳам тадқиқотчи Искандар Саттибоев билан суҳбатлашди.

– Ўзбекистонда сўнгги йилларда репетиторларга эҳтиёжнинг ортганини мактаб таълим сифати билан корреляцияси борми?

Искандар Саттибоев: Таълим жараёнига нима сабаб бундай ажиотаж билан муносабатда бўлиняпти, яъни нима учун ота-оналар керак бўлса юзлаб, минглаб долларни репетиторларга сарфлашга тайёр? Чунки мамлакатимизда олий таълим ижтимоий трамплин ҳисобланади. Олий таълимга ва унинг дипломига эга инсон шу билан ишга жойлашиши, нисбатан барқарор маошга эга бўлиши ва натижада келажакда “ўзини эплайдиган одам” бўлиши мумкин. Ўқувчи ёки фарзандини олий таълимга жойлаштиштиришни мақсад қилган ота-онанинг перспективаси шу.

Искандар Саттибоев

Бу жараёнда давлат таълим муассасалари қандай ёрдам бера оляпти? Афсуски, репетитор тайёргарлигисиз ОТМга кириш айтиб ўтганингиздек мифга айланяпти ёки айланиб бўлган. Нимага? Чунки бугунги кунда, тан олишимиз керак, ОТМга кириш учун рақобат ўта кучли. Имтиёзлар туфайли ҳамма фандан 100 фоиз тўғри ечган талабалар ҳам ҳатто бюджетга кира олишмаган ҳолатлар бўлди. Озми-кўпми нуфузга эга ОТМга киришни истаган ёш ҳамма керакли фанлар бўйича қаттиқ тайёргарлик кўриши керак.

Бугунги кунда бир ҳақиқатга кўз юма олмаймиз, кўп давлат таълим муассасалари бу талабга жавоб бера олмаяпти. Натижада шартли равишда пайдо бўлган бўшлиқни хусусий сектор тўлдиряпти. Муаммони ҳал қилиш учун хусусий сектор ўз ўқув курсларини тақдим қиляпти.